Тожикистондаги ГЭС Эрон назоратида қоладиган бўлди
Олам
−
22 Октябрь 10489 2 дақиқа
Тожикистон ва Эрон Сангтуда-2 ГЭСга киритилган сармояларни қоплаш муддатини яна 6 йил-у 4 ойга узайтиришга келишиб олди. Бу ҳақда “Asia-Plus” хабар берди.
“Барки Тожик” ва “Сангтуда Сангоб” бошқарув компанияси ўртасидаги электр энергиясини сотиб олиш шартномасига киритилган ўзгартиришлар Тожикистон парламенти қуйи палатаси томонидан октябрь ойи бошида ратификация қилинган эди.
Ҳужжат жорий йилнинг 29 май куни Душанбе шаҳрида юқори даражадаги Тожикистон-Эрон музокаралари якунлари бўйича имзоланган эди.
Битимнинг асл матнига кўра, Эрон томони 2026 йилнинг августигача Сангтуда-2 ГЭС қурилишига киритилган сармояларни қайтариши, шундан сўнг станция Тожикистон ҳукумати мулкига айланиши керак эди.
Янги келишувларга кўра, Сангтуда-2 қурилиши учун сарфланган харажатларни қайтариш муддати 2032 йилнинг охиригача узайтирилди.
Станция қурилишига 256 миллион доллар сарфланган, шундан 180 миллион доллари Эрон ҳукумати, 36 миллион доллари Эроннинг “Сангоб” компанияси ва 40 миллион доллари Тожикистон ҳукумати томонидан сармоя қилинган.
Тожикистон Энергетика ва сув ресурслари вазирлиги маълумотларига кўра, 2012 йилдан 2023 йилнинг охиригача “Барки тожик” “Сангтуда-2”дан 451,5 миллион долларга 8,9 миллиард киловатт-соат электр энергияси харид қилган. Ушбу маблағдан заводга бор-йўғи 122,5 миллион доллар (жами кўрсаткичнинг 27,1 фоизи) тушган. “Барки тожик”нинг ушбу даврдаги “Сангтуда-2”дан қарзи 329 миллион долларни ташкил қилди. Янги келишувга кўра, бу қарз бутунлай ҳисобдан чиқарилган.
Томонлар Тожикистон томони келгуси 6 йилу 4 ой давомида Эрон томонига маълум миқдорда (миқдори ошкор этилмаган) тўлаши, шундан сўнг станция “Барки тожик” бошқарувига ўтказилиши ҳақида келишиб олди.
Маълумот учун, Сангтуда-2 ГЭС қурилиши 2006 йилда бошланган бўлиб, биринчи агрегати 2011 йилнинг сентябрида, иккинчиси 2014 йилнинг сентябрида ишга туширилган эди.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Тожикистон ва Ўзбекистон ҳукуматлари Роғун ГЭСдан 20 йил давомида электр энергияси етказиб бериш бўйича келишувга эришди.
Live
Барчаси