Тожикистонда ўзбекистонликларнинг “прописка”сиз юришига доир қонун маъқулланди
Олам
−
30 Март 2022
7476Тожикистонлик депутатлар Тожикистон ва Ўзбекистон ҳукуматлари ўртасида фуқароларнинг ўзаро саёҳатлари тўғрисидаги битимга ўзгартиришлар киритишни назарда тутувчи ҳужжатни қабул қилди. Унга кўра, энди икки давлат фуқаролари қўшни республика ҳудудида 10 кунгача вақтинчалик пропискасиз қолишлари мумкин. Бу ҳақда “Азия-плюс” нашри хабар берди.
Қайд этилишича, бугун, 30 март куни мамлакат парламентининг навбатдаги мажлисида Тожикистон ва Ўзбекистон фуқароларининг ўзаро саёҳатлари тўғрисидаги шартномага киритилган ўзгартириш ратификация қилинган.
Тожикистон Ички ишлар вазири ўринбосари Саиднахш Раҳмонзода келишувга киритилган ўзгартиришларни шарҳлар экан, бундан мақсад тожикистонликларнинг Ўзбекистонга ташрифи сонини кўпайтириш ва рўйхатсиз юриш муддати қисқалиги сабабли фуқаролар дуч келаётган қийинчиликларни бартараф этишдан иборатлигини айтиб ўтган.
“Мазкур битимнинг 3-бандига бошқа томон ҳудудига кирувчи томонлардан бирининг фуқаролари давлат чегарасидан кесиб ўтган кундан бошлаб ўз яшаш жойидаги давлатнинг ваколатли органларида рўйхатдан ўтиш ва вақтинча рўйхатдан ўтиш мажбуриятидан 10 иш кунигача озод этиладиган ҳолда ўзгартирилди”, дейди вазир.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 16 мартидан Ўзбекистон Республикасининг Тожикистон Республикаси билан чегарасида жойлашган ўтказиш пунктлари фаолияти қайта тиклаганди.
Бундан ташқари, жорий йилнинг 15 мартидан бошлаб Ўзбекистон-Тожикистон чегарасидаги барча назорат-ўтказиш пунктлари нормал иш режимига қайтганди, эндиликда чегарани кесиб ўтиш учун Тожикистон Республикаси ҳудудида ПЗР тестидан ўтмасдан тўлиқ эмланганлик сертификатини тақдим этиш кифоя қилади.
LiveБарчаси