Тожикистонда электр энергиясига яна чеклов ўрнатилди
Олам
−
23 Сентябрь
5370Тожикистонда кеча, 22 сентябрдан бошлаб электр энергиясига чекловлар жорий этилди. Бу ҳақда мамлакатнинг “Барки тожик” очиқ акциядорлик жамияти ўзининг Facebook'даги саҳифасида электр энергияси етказиб беришда чекловлар жорий этилгани ҳақида огоҳлантирувчи мурожаат эълон қилди.
Мурожаатда ўтган қиш мавсумида ёғингарчилик кам бўлгани, Вахш дарёси ҳосил бўлган ҳудудларда сув таъминоти жуда кам бўлгани қайд этилган.
“Йилдан йилга аҳоли ва мамлакатимиз ижтимоий-иқтисодий соҳасининг электр энергиясига бўлган талаби ортиб бораётгани электр энергиясининг мавсумий тақчиллигига сабаб бўлмоқда. Шу муносабат билан соҳа мутахассислари 2024 йилда ҳам мавсумий электр энергияси тақчиллиги 1 миллиард киловатт-соатдан ортиқ бўлишини тахмин қилмоқда”, дейилган мурожаатда.
“Барки тожик” аҳолини куз-қиш мавсумида электр энергиясидан тежамкор фойдаланишга ундаган. 21 сентябрдан бошлаб қишлоқ аҳолисига кунига 8-10 соатгача – эрталабки соат 5:00 дан 8:00 гача ва кечки соат 17:00 дан 22:00 гача электр энергияси берила бошланган.
“Барки Тожик” аввалроқ электр таъминотидаги узилишлар инфратузилманинг ортиқча юкларга умумий заифлиги билан боғлиқлигини айтган эди.
Маълумот учун, 2024 йил бошидан буён Тожикистон қўшни давлатларга 82 миллион доллар ёки 1 миллиард киловаттдан ортиқ электр энергияси экспорт қилган.
Қайд этиш жоизки, айни пайтда Нурек ГЭСида реконструкция ишлари олиб борилмоқда, бу Тожикистоннинг электр энергиясига бўлган йиллик эҳтиёжининг 50 фоиздан ортиғини таъминлайди. Август ойи охирида ГЭСнинг янгиланган тўртинчи гидроагрегати ишга туширилганди.
ГЭСнинг қуввати 3000 мегаваттдан ошади. Станцияни модернизация қилиш 10 йил ичида тўлиқ якунланиши режалаштирилган. ГЭСда таъмирлаш-тиклаш ишлари якунлангач, қишки электр энергияси ишлаб чиқариш 33 миллион кВт/соатга ошади. Бу совуқ ойларда энергияга бўлган талабни қондириш ва ёзда экспорт имкониятларини ошириш, энергетика соҳасига қўшимча даромад келтириш имконини беради.
2024 йилда Тожикистон Марказий Осиёнинг Бирлашган энергия ҳалқасига қайтди. Тожикистон энергетика ва сув ресурслари вазири Далер Жума аввалроқ уланиш учун зарур объектлар ишга туширилганини маълум қилган эди. Минтақанинг ягона тизимига қайтиш учун Осиё тараққиёт банки 2018 йил охирида 35 миллион доллар миқдорида грант ажратди.
Марказий Осиёнинг ягона энергетика тизими Совет Иттифоқи даврида (1960 йилда), минтақадаги барча давлатлар бир давлат таркибида бўлган пайтда яратилган. Тизим Тошкентдаги Мувофиқлаштирувчи-диспетчерлик маркази томонидан бошқарилиб, суғориш даврида электр энергиясига бўлган талаб ва сувга бўлган эҳтиёжнинг мавсумий тебранишларини мувозанатлаш имконини берди.
Бироқ кўриниб турибдики, кўрилган барча чора-тадбирлар куз-қиш мавсумида электр энергияси тақчиллиги муаммосини ҳал қила олмаган.
2023 йилда мамлакат аҳолисининг 70 фоизи истиқомат қилувчи қишлоқлар истеъмолчиларига электр энергиясини чеклаш ҳам 20 сентябрдан бошланган эди. Одамлар ҳар куни эрталаб 3 соат, кечки пайт эса 5-6 соат электр энергияси олган.
Бироқ 2024 йилнинг февраль ойи охирига келиб ҳудудлардаги вазият янада оғирлашди, баъзида истеъмолчилар кунлаб электр энергиясисиз қолиб кетди. Шу билан бирга, илгари бўлгани каби нафақат уй хўжаликлари, балки тиббиёт муассасалари, мактаблар, умумий овқатланиш ва савдо нуқталари ҳам қаттиқ чекловларга дуч кела бошлади. Бундан ташқари, шаҳар аҳолиси, жумладан, пойтахтда ҳам электр энергияси ўчирила бошланди.
Март ойининг бошида эса мамлакат электр энергетика тизимида кенг кўламли носозлик юз берди, бунинг оқибатида электр таъминоти узилиши билан бирга иссиқлик ва сув таъминоти тўхтатилди, тожикистонликлар ҳам уяли алоқа ва интернетсиз қолди.
LiveБарчаси