Тожикистонда бир кунда тўққизинчи зилзила содир бўлди
Олам
−
23 Февраль 2023
61608Бугун, 23 февраль куни Тожикистонда 5 магнитудали зилзила юз берди. Бу ҳақда Ўзбекистон ФВВ Сейсмопрогностик мониторинг Республика маркази хабар берди.
Мазкур зилзила Тошкент вақти билан соат 16:24 да содир бўлган. Зилзила координаталари 38,2 даража шимолий кенглик, 73 даража шарқий узунлик.
Бу сафарги ер силкинишининг магнитудаси 5 балл бўлган. Зилзила эпимаркази Тошкентдан 470 км жанубий-шарқда жойлашган.
Зилзила Ўзбекистон ҳудудида ҳам сезилган. Хусусан, Фарғона ва Андижон вилоятида 2 балл қайд этилган.
Маълумот учун, бир кунда мамлакатда тўққиз маротаба зилзила рўй берди.
Эслатиб ўтамиз, бугуннинг ўзида Тожикистонда Тошкент вақти билан соат 05:37, 05:55, 06:06, 06:35, 07:07, 07:18, 11:50 ва 13:00 да – саккиз маротаба 4 магнитудадан юқори зилзилалар кузатилди. Шунингдек, юз берган зилзила кучи Ўзбекистоннинг бир неча вилоятларида ҳам сезилган. Тожикистонда дастлаб содир бўлган зилзила магнитудаси турли манбааларда ҳар хил берилмоқда.