Тожикистондаги зилзила магнитудаси аслида неча балл бўлди?
Олам
−
23 Февраль 2023
29359Бугун, 23 февраль куни Тожикистонда рўй берган зилзила магнитудаси турли ахборот манбааларида турлича талқин қилинмоқда. Хитой сейсмологлари зилзила балини юқори баҳолаётган бўлса, Тожикистон ва Ўзбекистон мутахассисларининг кўрсаткичлари у қадар баланд эмас.
Европа-Ўртаер денгизи сейсмология маркази маълумотларига кўра, Тожикистонда маҳаллий вақт билан 05:37 да 6,8 балл магнитудали зилзила юз берди. Аниқланишича, зилзила эпимаркази Мурғобдан 66 километр ғарбда жойлашган.
Ўзбекистон ФВВ Сейсмопрогностик мониторинг Республика маркази маълумотларига кўра, Тошкент вақти билан соат 05:43 да Тожикистонда юз берган зилзила магнитудаси 5,8 баллни ташкил қилган. Унинг эпимаркази Тошкентдан 435 километр жанубий-ғарбда жойлашган.
Хитой сейсмология маркази маълумотларига кўра, Пекин вақти билан 08:37 да Хитой шимоли-ғарбидаги Шинжон-Уйғур автоном райони билан Тожикистоннинг чегарадош қисмида 7,3 балл магнитудали ер қимирлаши содир бўлган. Зилзила эпимаркази шимолий кенгликнинг 37,98 даража ва шарқий кенгликнинг 73,29 даража координатали нуқтасида жойлашган.
Биринчи зилзиладан сўнг Тожикистонда яна бир қатор ер силкинишлари содир бўлган. Жумладан, 05:55 да — 4,7 магнитудали (чуқурлиги — 136 км), 06:06 да — 4,2 (15 км), 06:35 да — 4,5 (167 км), 07:07 да — 4,2 (190 км), 07:18 да — 4,5 (135 км).
Эслатиб ўтамиз, бугун, 23 февраль куни Тошкент вақти билан соат 05:43 да Тожикистондаги ер силкинишлари таъсири Ўзбекистон Руспубликасининг қатор вилоятларида ҳам сезилган эди. Ер силкинишлари магнитудаси Фарғонада – 4 баллни, Андижонда – 4 баллни, Наманганда – 4 баллни, Сирдарёда – 3-4 баллни, Тошкент шаҳрида – 3-4 баллни, Жиззах вилоятида – 3-4 баллни, Сурхондарё вилоятида – 3 баллни, Самарқанд вилоятида – 3 баллни, Қашқадарё вилоятида – 3 баллни, Навоий вилоятида – 3 баллни ташкил қилган.
Умида Мухторбекова
LiveБарчаси