Тожикистонда аёлларга тор ва қора кийим киймаслик тавсия этилди
Олам
−
29 Июль
6945Тожикистонда динга ёт кийимларни кийишдан сақланиш тавсия этилди. Бу ҳақда республика Ислом маркази томонидан чиқарилган фатвода сўз боради.
Республика Ислом маркази томонидан берилган 5 банддан иборат бўлган фатвода тожик миллий либослари ҳанафийлик мазҳаби талабларига тўлиқ мос келиши, шу сабабдан аҳолига маълум мақсадларда тарғиб қилинадиган маданият ҳамда динга алоқадор бўлмаган либосларни кийишдан сақланиш бўйича тавсиялар келтирилган.
“Ислом динининг кийим-кечак кийишга оид ўзига хос қоидалари бор, лекин бичими ва рангига ҳеч қандай чекловлар қўйилмаган. Шундай экан, динимизда миллий рангдаги кийим кийиш жоиз. Лекин аёлларга тор ва қора рангдаги ҳамда тана аъзоларини бўрттириб кўрсатадиган кийимларни кийиш тавсия этилмайди. Чунки қора ранг динимиз нуқтаи назаридан фарз эмас, миллий хусусиятларимиз ва географик шароитимизга мос келмайди”, дейилади фатвода.
Тожикистон Ислом марказининг Уламолар Кенгаши ана шу жиҳатларни инобатга олган ҳолда, ислом ахлоқи нормаларига мос келадиган миллий услубда кийинишни тавсия қилган. Фатвода эркакларнинг кийими ҳақида ҳам келтирилар экан, унда уларнинг танаси киндикдан тиззасигача ёпилган бўлиши кераклиги айтилади.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Тожикистон Президенти Имомали Раҳмон байрам ва маросимларни тартибга солиш ҳамда миллий қадриятларга ёт кийим кийишни расман тақиқловчи қонунларнинг янги таҳририни тасдиқлаганди. Шу билан мамлакатда диний либослар расман тақиқланганди.
LiveБарчаси