Тожикистон вакили Россия депутатининг тарих дарслиги ҳақидаги гапларига жавоб қайтарди

Олам

image
Ўзбекистон мактабларида Россия тарихи ҳақиқатга зид тарзда ўқитиладими? north_east

Ўзбекистон мактабларида Россия тарихи ҳақиқатга зид тарзда ўқитиладими?

Тожикистон Ташқи ишлар вазирлигининг ахборот департаменти раҳбари Шохин Самадий Россия Давлат Думаси депутати Михаил Матвеевнинг Тожикистондаги мактабларда болаларга ўқитилаётган тарих дарсликлари бўйича билдирган норозилигига жавоб қайтарди. Бу ҳақда Самадий ўзининг Facebook саҳифасида пост қолдирди.

Жорий йилнинг 26 сентябрь куни Давлат Думаси Тожикистонда иқтидорли болалар учун халқаро таълим маркази қуриш тўғрисидаги битимни ратификация қилишни таклиф этувчи ҳукумат қонуни лойиҳасини қабул қилиш бўйича овоз беришдан олдин депутат Михаил Матвеев Тожикистондаги мактабларда тарих дарслигига “ёзилган” Россияга қарши тарғиботдан норозилигини билдирди.

“Мен рус-тожик мактабларида, хусусан, Бохтар шаҳридаги Ломоносов номидаги мактабда ўқитиладиган тожик халқи тарихи бўйича кўрсатувни кўрдим. У ерда Рус империясига қўшилиш “босқин”, “босқинчилик” ва “мустамлака” деб таърифланади. Россия пулларини Россияга қарши пропаганда учун ишлатиш бироз ғалати туюлади”, дейди у.

Шохин Самадий эса 7 октябрь куни олимлар, тарихчилар ва Таълим вазирлиги вакиллари бундай мавзуларни муҳокама қилишлари кераклигини айтди.

“Ўз навбатида, жаноб Матвеевга “Россия тарихи” дарслигига эътибор беришни маслаҳат бераман (таҳрир Н. М. Арсентиев, Н. А. Данилов, А. А. Левандовский), биринчи қисм, таълим рус тилида олиб бориладиган мактабларнинг 9-синфи учун. Ва бу дарсликнинг 154 ва 155-бетларига эътибор берсин”, деган у.

Самадий ўз постида ХХ асрнинг 90 йилларида Тожикистонда русларнинг “геноцид” қилингани ҳақидаги сўзларга ҳам жавоб берди. Унинг айтишича, “бу халқлар ўртасида адоват қўзғатишдан бошқа нарса эмас, Россия ва Тожикистоннинг тегишли органлари бунга ҳуқуқий баҳо бериши керак”.

Унинг қайд этишича, “тожикистонликлар ва бошқа муҳожирларга нисбатан нафрат билан танилган шахсдан бундай гапларни эшитиш ажабланарли эмас. Фақат битта мақсад бор: ишонувчан сайловчиларнинг ҳис-туйғулари билан ўйнашиш. Бундай баёнотлар Тожикистон ва Россиянинг иттифоқчилик ва стратегик шериклигига зарар етказишдан бошқа ҳеч нарса эмас”.

Тожикистон ва Россия ҳар доим бир-бирини асосий стратегик ҳамкор сифатида кўришини таъкидлайди. Тожикистон бир қатор минтақавий ташкилотлар доирасида Россиянинг ҳамкорлари ва иттифоқчиларидан бири ҳисобланади ва аксарият ҳолларда бу давлатнинг ҳаракатларини қўллаб-қувватлайди. Россиядан ташқарида жойлашган энг йирик рус ҳарбий базаси ҳам Тожикистонда.

Ҳар йили Тожикистондан юз минглаб фуқаролар ишлаш учун Россияга боради. Бироқ сўнгги бир йил ичида Россияда Тожикистон фуқароларининг ҳибсга олиниши ва асоссиз текширувлар сони кескин ошган. Вазият, айниқса, жорий йилнинг март ойида “Крокус Сити Холл”да содир этилган терактдан кейин кескинлашди. Шундан сўнг Россия ҳукумати Тожикистоннинг бир неча фуқаросини қўлга олди ва уларни терактнинг асосий айбдорлари деб атади.

Терактдан сўнг дарҳол минглаб тожикистонликлар Россия аэропортларида ёки чегараларида қолиб кетди, уларнинг кўпчилиги Россия ҳудудига киришга рухсат берилмаган ва депортация қилинган. Тожикистон Бош вазири Кохир Расулзода 4 октябрь куни Душанбе шаҳрида бўлиб ўтган икки давлат ҳукуматлараро комиссиясининг йиғилишида Тожикистон Россия хавфсизлик кучларининг тожик муҳожирларига нисбатан ноўрин муносабатидан хавотирда эканини айтди.

Унинг сўзларига жавобан Россия Бош вазири ўринбосари Марат Хуснуллин Россия Федерациясига энди ноқонуний миграция бўлмаслигини айтди.

“Миграция бўлади, лекин у ташкил қилинади, меҳнат зарур, лекин у бутунлай қонуний бўлади”, дея таъкидлаган Хуснуллин.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Тожикистон Президенти Имомали Раҳмон мамлакатдаги ва хориждаги ватандошларини дунёда оғирлашиб бораётган вазият, янги совуқ уруш, тез қуролланиш, шунингдек, терроризм ва экстремизм туфайли огоҳ бўлишга ва ўз ватанини ҳимоя қилишга тайёр бўлишга чақирди. Раҳмон республикада хавфсизлик ва барқарорликни таъминлаш нафақат ҳукуматнинг устувор йўналиши, балки ўз мамлакати ҳар бир ватанпарварининг асосий вазифаси эканини таъкидлади.


Мақола муаллифи

Теглар

Тожикистон Михаил Матвеев Шохин Самадий тарих дарслиги

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг