Тожикистон Ўзбекистондан электр энергияси олишни бошлади

Жамият

image

Тожикистонда энергия таъминоти билан боғлиқ вазият маълум даражада Ўзбекистондан электр энергияси етказиб берилиши ҳисобига яхшиланди. Бу ҳақда “Asia Plus”  хабар берди.

Қайд этилишича, айни пайтда Тожикистон суткасига 2 млн кВт/соатгача электр энергияси оляпти. Ўзбекистоннинг имкониятлари кенгайган тақдирда етказиб бериш ҳажмларини ошириш ҳам режалаштирилган.

Шунингдек, Тожикистон Энергетика вазирлиги маълум қилишича, Қозоғистон ва Туркманистондан электр энергияси етказиб бериш бўйича энергетика вазирлари даражасида дастлабки келишувларга эришилган. Ҳозирда ушбу давлатлардан етказиб бериш билан боғлиқ техник масалаларни ҳал этиш устида ишлар олиб борилмоқда.

Тожикистон ташқи бозорларга фақат мамлакатнинг жануби-ғарбий қисми орқали — Ўзбекистон энергетика тизими (500 кВли “Регар-Гузар” юқори кучланишли электр узатиш линияси) орқали чиқиш имкониятига эга. Туркманистон ва Қозоғистон электр энергиясини транзит қилиш учун Ўзбекистон энергетика тизимининг ўтказиш қобилиятини инобатга олган ҳолда масалаларни келишиб олиш талаб этилади.

Вазирлик қайд этишича, ушбу масалаларни автоматик тарзда ҳал қилиш имконини берувчи Марказий Осиё Бирлашган энергетика тизими (БЭТ) доирасида Тожикистон энергетика тизимининг параллел ишлаши республика шимолидаги электр линиялари минтақавий “энергия ҳалқаси”га уланганидан сўнг йўлга қўйилади.

Тожикистоннинг Марказий Осиё БЭТга тўлиқ қўшилиши 2026 йилнинг биринчи чорагида кутилмоқда.

Тожикистонда сентябрнинг охирги ўн кунлигидан бери электр энергияси етказиб беришга чекловлар қўйилган. Ноябрь охирида эса электр энергиясига қўшимча чекловлар жорий этилгани сабабли вазият янада кескинлашди.

Қоидаларга кўра, чекловлар даврида 5 кВтгача қувватга эга биринчи гуруҳ истеъмолчилари (Душанбе бундан мустасно) электр тармоғидан узилади, «ақлли ҳисоблагичлар» белгиланган тартибда биллинг тизимидан вақтинча ўчириб қўйилади. Бюджет ташкилотлари ҳамда давлат корхоналарида электр таъминоти соат 18:00 дан кейинги иш куни бошлангунига қадар тўхтатилади. Шунингдек, стратегик аҳамиятга эга бўлмаган кўча ёритиш тизимлари ўчирилади, электромобиллар учун қувватлаш станциялари эса 18:00 дан 22:00 гача ишламайди.

Ўтган ҳафта “Тақсимловчи электр узатиш тармоқлари” АЖ вакиллари мамлакат аҳолиси (Душанбе шаҳри бундан мустасно) ҳозирда эрталаб соат 5:30 дан 8:00 гача ва кечқурун соат 17:30 дан 21:00 гача электр энергияси олаётганини айтган.

Бироқ Тожикистон ҳудудларидаги аҳоли вакиллари электр энергиясини эрталаб ва кечқурун икки соатдангина олаётганини таъкидламоқда. Сўнгги кунларда Душанбе шаҳрининг турли туманлари аҳолиси ҳам вақт-вақти билан бир неча соатга чироқсиз қолмоқда.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Тожикистонда электр таъминотига чекловлар жорий қилинганди.


Мақола муаллифи

Теглар

электр Тожикистон Ўзбекистон

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг