Тожикистон содиқ дўстимиз, давр синовидан ўтган ишончли стратегик шеригимиз – Мирзиёев
Олам
−
02 Июнь 2022
4957Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва Тожикистон Республикаси Президенти Имомали Раҳмоннинг музокаралари икки мамлакат делегациялари иштирокида кенгайтирилган таркибда давом этди.
Ўзбекистон раҳбари кўп қиррали ҳамкорликнинг барча йўналишларида улкан муваффақиятларга эришилганини катта мамнуният билан қайд этиб, “Тожикистон бизнинг яқин қўшнимиз, содиқ дўстимиз, давр синовидан ўтган ишончли стратегик шеригимиз”, деб таъкидлади.
Президент Мирзиёев ўзаро манфаатли ва ҳар томонлама ҳамкорликни мамлакатлар ва халқлар манфаатли йўлида бундан буён ҳам мустаҳкамлашга тайёрлигини билдирди.
“Кейинги йилларда икки томонлама ҳамкорлик сезиларли даражада фаоллашди. Товар айирбошлаш қарийб 40 баробарга кўпайиб, 600 миллион долларга етди. Қўшма корхоналар сони 10 карра ошди.
Куни кеча ўтган Ҳукуматлараро комиссия йиғилиши ва бизнес форумнинг муваффақиятли натижалари – 1 миллиард долларлик янги битим ва шартномалар имзолангани мамнуният билан қайд этилди”, дейилади Ўзбекистон Президенти Матбуот хизмати тарқатган хабарда.
Қайд этилишича, икки давлат пойтахтлари Тошкент ва Душанбе шаҳарлари, Сурхондарё ва Хатлон вилоятлари ҳамда Тошкент, Фарғона, Самарқанд ва Сўғд вилоятлари ўртасида самарали алоқалар йўлга қўйилган. Мазкур ташриф доирасида ҳамкорлик бўйича “йўл харитаси”ни Жиззах ва Сўғд вилоятлари ҳам қабул қиладилар.
Президентлар биродар мамлакатлар ўртасидаги иқтисодий шериклик устувор аҳамиятга эга эканини, савдо ҳажми ва номенклатурасини каррасига ошириш учун катта салоҳият мавжудлигини таъкидлаган.
Машинасозлик, электротехника, тўқимачилик, чарм, фармацевтика, озиқ-овқат, агросаноат, тоғ-кон, металлургия ва бошқа тармоқларда лойиҳаларни амалга ошириш учун катта истиқболлар борлиги қайд этилган.
Ўзбекистон-Тожикистон инвестиция компанияси салоҳиятини фаол ишга солиш орқали ҳудудлараро ва саноат кооперацияси лойиҳаларини амалга ошириш долзарблиги кўрсатиб ўтилган.
Маданий-гуманитар ҳамкорликни мустаҳкамлаш тўғрисида келишувларга эришилган. Президентлар фан, таълим, санъат, кино ва туризм соҳаларидаги ҳамкорликка эътибор қаратиш зарурлигини таъкидлаганлар. Ёшларнинг интеллектуал салоҳиятини ривожлантириш ва маънавиятини юксалтириш устувор йўналиш сифатида қайд этилган.
LiveБарчаси