Тожикистон Роғун ГЭСдан Ўзбекистонга электр етказиб беради

Олам

image

Тожикистон ва Ўзбекистон ҳукуматлари Роғун ГЭСдан 20 йил давомида электр энергияси етказиб бериш бўйича келишувга эришди. Бу ҳақда Тожикистон Адлия вазирлиги ҳуқуқий ахборот порталида хабар берилди.

Қайд этилишича, Тожикистон ва Ўзбекистон энергетика соҳасидаги янги ҳамкорлик битими доирасида Роғун гидроэлектростанциясида ишлаб чиқарилган электр энергиясини етказиб бериш бўйича келишувга эришган. Ҳужжат лойиҳаси Тожикистон ҳукумати томонидан маъқулланган. 

Битимга кўра, электр энергиясининг ҳажми ва етказиб бериш жадвали Ўзбекистон энергетика тизимидаги қувват танқислиги кузатиладиган соатларга қараб, “Роғун ГЭС” ОАЖ ва “Ўзэнергоинспекция” АЖ ўртасида келишилади.

1 кВт соат электр энергиянинг нархи 3,4 АҚШ сенти миқдорида белгиланган (ҚҚС ноль ставкаси билан). Бу нарх ҳар йили 1 фоизга индексация қилинади, индексация битим кучга кирганининг иккинчи йилидан бошланади.

Электр энергияси икки давлатнинг электр тизими операторлари келишган жадвал асосида, асосан Ўзбекистонда электр танқислиги кузатиладиган соатларда етказиб берилади. Роғун ГЭС қурилиши тугамагунча, энергия фақат вегетацион даврда (1 апрель – 30 сентябрь) етказиб берилади. ГЭС тўлиқ ишга тушганидан кейин эса электр энергияси йил давомида ҳар ойда жўнатилади.

Электр энергияси халқаро Incoterms 2010 стандартларига мувофиқ DAP шартлар асосида давлатлараро электр узатиш линиялари орқали етказилади.

Битимда, шунингдек, мумкин бўлган келишмовчиликларни музокаралар орқали ҳал этиш тартиби ва амалда бўлиш муддатини узайтириш механизми ҳам кўзда тутилган.

Шартнома 20 йил муддатга тузилган. Агар томонлардан бири шартнома муддати тугашидан камида 6 ой олдин унинг бекор қилинишини истамаслигини билдирса, битим автоматик тарзда ҳар 10 йилда бир янгиланади.

Роғун ГЭС

Роғун ГЭС Тожикистоннинг энг йирик энергетика лойиҳасидир ва у Вахш дарёсида жойлашган. ГЭС қурилиши дастлаб 1976 йилда бошланган, бироқ СССР парчалангач, тўхтатилган эди.

2016 йилда лойиҳа қайта тикланди ва у мамлакатнинг энергетика сиёсатида устувор йўналишга айланди.

Қурилиш якунлангач, Роғун ГЭС Марказий Осиёдаги энг йирик ГЭС бўлиб, 3600 МВт қувватга эга бўлади.

Тожикистон 2018 йилдан буён Ўзбекистонга электр энергиясини, асосан вегетацион мавсумда, икки томонлама келишувлар асосида етказиб келмоқда.

Янги шартнома икки давлатнинг Марказий Осиё умумий энергия тизими доирасида чуқур энергетик интеграцияга интилаётганини акс эттиради ва бутун минтақада барқарор энергия таъминотини таъминлаш учун асос яратади. 

Қайд этиб ўтиш жоизки, ушбу ГЭСнинг қад ростлашига Ўзбекистоннинг Биринчи Президенти Ислом Каримов қатъий қаршилик билдирган. Каримов бу лойиҳа ҳақида бир неча бор танқидий чиқишлар ҳам қилган.


Мақола муаллифи

Теглар

Тожикистон Ўзбекистон Ислом Каримов Ўзэнергоинспекция Роғун ГЭС

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг