Энди навбат Тожикистонга: пиёз, картошка, сабзи экспорти вақтинча тақиқланди
Олам
−
31 Январь 2023
5695Тожикистонда янги ҳосил йиғиб олинмагунча пиёз, картошка ва сабзи экспорт қилиш тақиқланди. Бу ҳақда Республика Қишлоқ хўжалиги вазири Қурбон Ҳакимзода маълум қилди.
“Ҳукуматнинг сўнгги йиғилишида бозордаги вазият барқарорлашгунга қадар ушбу маҳсулотларни экспорт қилишни вақтинча тақиқлаш топширилган”, дея таъкидлаган Қишлоқ хўжалиги вазирлиги раҳбари.
Шунингдек, у мазкур чора ушбу турдаги маҳсулотлар нархининг ошиши билан боғлиқлигини қўшимча қилган.
Унга кўра, ҳозирда Тожикистонда бу сабзавотларнинг етарли захираси мавжуд. Агар улардан тўғри фойдаланилса, кейинги ҳосилга қадар етади. Одатда бу март ойининг охири ва апрель ойининг бошларида тўғри келади.
Маълумот учун, 2022 йилда Тожикистондан 190 минг тоннадан ортиқ қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари экспорт қилинган. Бу 2021 йилга нисбатан 17,6 минг тоннага кам ҳисобланади.
Вазирлик маълумотларига кўра, ўтган йилда қишлоқ хўжалиги экспортининг 40 фоиздан ортиғи сабзавот, 30 фоизга яқини мева маҳсулотларига тўғри келган.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда 2023 йил 1 январдан бошлаб тўрт ой муддатга пиёз экспортига вақтинчалик чеклов ўрнатилган эди. Шунингдек, Қирғизистон ҳам пиёз ва саримсоқ экспортини вақтинча чекламоқчилиги ҳақида хабар берилган эди.
LiveБарчаси