Тожикистон Афғонистонга электр энергиясини етказиб бериш бўйича шартномани узайтирди
Олам
−
28 Декабрь 2023
4003Тожикистон ва Афғонистон электр энергетика компаниялари тожик электр энергиясини Афғонистонга етказиб бериш бўйича шартнома тузди. Бу ҳақда Da Afghanistan Breshna Sherkat компанияси сайтида маълум қилинди.
Ҳужжатни Da Afghanistan Breshna Sherkat (DABS) раҳбари Мулло Муҳаммад Ҳаниф Ҳамза ва “Барки Тожик” компанияси раҳбари Маҳмадумар Асозода шу ҳафта бошида Туркияда имзолаган.
Ҳисоботда айтилишича, Туркиядаги учрашувда томонлар Тожикистондан Афғонистонга электр энергияси етказиб бериш учун 500 кВ янги электр узатиш линиясини ётқизиш имкониятларини ҳам муҳокама қилган.
Шунингдек, афғон компанияси раҳбарияти хабарида қўшни мамлакатга Тожикистон ва Қирғизистондан Афғонистон ва Покистонга электр энергияси етказиб беришни назарда тутувчи CASA-1000 лойиҳасини қайта тиклаш, мувофиқлаштириш ва амалга ошириш бўйича ҳамкорлик қилиш илтимоси билан мурожаат қилгани қайд этилган.
Хабарда бошқа тафсилотлар келтирилмаган.
2008 йилда Тожикистон ва Афғонистон ўртасида 2028 йилгача тожик электр энергиясини етказиб бериш бўйича келишув имзоланган эди. Ҳар йил якунида томонлар келгуси йил учун электр энергияси етказиб бериш ҳажми ва унинг нархини белгиловчи қўшимча баённома тузади.
Тожикистон статистика агентлиги маълумотларига кўра, жорий йилнинг ноябрь ойида республика 1,9 миллион доллардан ортиқ электр энергиясини экспорт қилган, бу ўтган ойга нисбатан 46 фоизга кўпдир.
Умуман олганда, 2023 йил бошидан буён Тожикистондан хорижга 107,7 миллион доллардан ортиқ миқдорда электр энергияси етказиб берилди, бу 2022 йилнинг шу даврига нисбатан қарийб 5 фоизга кўпдир.
2023 йил учун Тожикистон фақат икки давлат – Афғонистон ва Ўзбекистон билан электр энергияси етказиб бериш бўйича шартномалар тузган.
Маълумот учун, Da Afghanistan Breshna Sherkat (DABS) – мустақил ва автоном компания бўлиб, Афғонистоннинг “Корпорациялар ва чекланган жавобгарлик тўғрисида”ги қонунига мувофиқ ташкил этилган. DABS масъулияти чекланган жамият бўлиб, барча акциялари Афғонистон ҳукуматига тегишли.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь