Тожик-қирғиз можаросида вайрон бўлган уйлар ўрнига янгиси совға қилинди

Олам

image

Тожикистоннинг Сўғд вилояти раиси Ражаббой Аҳмадзода апрель ойи охирида тожик-қирғиз чегара можаросидан азият чеккан Сомониён ва Хўжайи Аъло қишлоқлари аҳолисига янги уйларнинг калитларини топширди. Жами 29 та уй кундалик ҳаёт учун зарур бўлган барча хўжалик буюмлари билан фойдаланишга топширилди. Бу ҳақда маҳаллий ОАВ ёзмоқда.

“Уйлар қошиқ ва чойнаклардан тортиб кир ювиш машиналари, музлатгичлар, телевизорлар, печкалар, ёстиқ ҳамда гиламларгача бўлган барча буюмлар билан тўлиқ жиҳозланган. Уйлар қурилиши асосан ҳудудий тузилмалар томонидан амалга оширилди. Шаҳар, туман ва айрим ташкилотлар жиҳозлашда қисман ёрдам беришди”, дейди Сўғд вилоятидаги чегара можароси оқибатларини тиклаш бўйича минтақавий штаб раҳбари Маъруф Муҳаммадзода.

Унга кўра, можаролар пайтида 29 та уйдан 22 таси бутунлай вайрон бўлган ва 130 дан ортиқ одам уйсиз қолган.

“Сомониён қишлоғида 17 уй, Хўжайи Аълода 12 уй қурилди. Ҳар бир уй умумий майдони тахминан 100 квадрат метр бўлган иккита хонадан — айвон ва йўлакдан иборат. Ҳар бир уйни қуриш ва жиҳозлаш учун 130 минг сомонийдан (тахминан 121 миллион сўм — таҳр.) ортиқ маблағ сарфланди”,  дея қўшимча қилди Муҳаммадзода.

Қарийб минг километр умумий чегарага эга бўлган қўшнилар можароси

Маълумот ўрнида, жорий йилнинг 28 апрель куни Қирғизистоннинг Боткен вилояти Кўк-Тош қишлоғи яқинидаги “Головной” сув олиш жойидаги давлат чегарасининг қирғиз-тожик қисмида икки мамлакат маҳаллий аҳолиси ўртасида тўқнашув содир бўлди. 29 апрелда Қирғизистон ва Тожикистон хавфсизлик кучлари ўртасида қуролли тўқнашувга айланди. Қирғизистоннинг Боткен вилояти Боткен ва Лайлак туманларида отишмалар 30 апрель ва 1 май кунлари давом этди. 

1 май куни томонлар отишмани тўлиқ тўхтатиш ва чегарадан кучларни олиб чиқиб кетиш тўғрисида келишиб олишга муваффақ бўлди. Худди шу куни тожикистонлик ҳарбийлар Қирғизистон ҳудудидан чиқиб кетди.


Мақола муаллифи

Теглар

чегара можаро тожик-қирғиз Сўғд

Баҳолаганлар

58

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг