Тожик-афғон чегарасини мустаҳкамлаш бўйича КХШТ дастурини ишлаб чиқиш якунланди
Олам
−
28 Ноябрь
1348Коллектив Хавфсизлик Шартномаси Ташкилоти Тожикистон ва Афғонистон ўртасидаги чегарани мустаҳкамлаш дастурини ишлаб чиқишни якунлади. Бу ҳақда Қозоғистон Президенти Қосим-Жомарт Тўқаев бугун, 28 ноябрь куни Остонадаги КХШТ саммитининг кенгайтирилган таркибдаги йиғилишида маълум қилди.
“Қозоғистон раислиги даврида КХШТнинг тожик-афғон чегарасини мустаҳкамлаш бўйича мақсадли давлатлараро дастури бўйича ишлар якунланди. Айтганча, ҳужжат 2013 йилдан бери ишлаб чиқилган. Бугун биз ташкилотнинг жанубий чегараларини мустаҳкамлашга қаратилган ушбу муҳим қарорни имзолаймиз”, деди у.
Тўқаев Қозоғистоннинг КХШТга раислигининг барча устувор йўналишлари “тизимли ва изчил амалга оширилаётганини” таъкидлади.
“Ҳамкорларимиз ва дўстларимиз кўмагида биз уларни КХШТ доирасида янада илгари суриш бўйича фаол ишларни давом эттирамиз”, деди Қозоғистон Президенти.
КХШТ Бош котиби Имангали Тасмагамбетов ушбу дастур ташкилот масъулияти ҳудудининг жанубий қисми хавфсизлигини таъминлашга қаратилган аниқ чора-тадбирларни ўз ичига олгани ҳақида маълум қилганди. У Афғонистондан келаётган таҳдидлар кўламидан хабардор бўлган Қирғизистон ва Тожикистон раҳбариятининг “сиёсий иродаси”ни қайд этган.
Эслатиб ўтамиз, 19 ноябрь куни Тожикистон ва Афғонистон чегараси яқинида содир этилган ҳужумда бир нафар Хитой фуқароси ҳалок бўлган, тўрт нафари яраланганди.
LiveБарчаси