“Тоштурма” ўрнида хиёбон эмас, бизнес қурилади
Жамият
−
13 Ноябрь 6853 1 дақиқа
2018 йилдаги ҳукумат фармойишига кўра, Тошкентдаги собиқ 1-сонли тергов ҳибсхонаси (“Тоштурма”) ўрнида хиёбон барпо этилиши керак эди. Аммо 2020 йилда шаҳар ҳокими қарори билан 3 гектарлик ҳудуд хусусий тадбиркорга берилган. Бу ҳақда Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазири маслаҳатчиси Расул Кушербоев хабар берди.

Маълумотларга кўра, ер “Yunusobod Business City” қурилиши учун олиб қўйилган бошқа майдон эвазига компенсация тариқасида “Огнеупор” МЧЖга доимий фойдаланиш ҳуқуқи билан расмийлаштирилган. Ҳукумат топшириғи бажарилмаган. 7 йил ўтган бўлса-да, хиёбон қурилиши амалга оширилмаган, ҳудуд ташландиқ ҳолатда қолган. Бу ҳолат юзасидан Сенатга фуқаролар шикоят қилган.
“Шаҳар ҳокимлиги хиёбон қурилиши керак бўлган ер тадбиркорга берилганини тасдиқлаган. Компания бошида саноат корхонаси қурмоқчи бўлган, кейин эса бу жойда меҳмонхона ёки тураржой мажмуаси қуришни режалаштирган. Аммо пойтахт бош режасида бу ҳудуд “консервация зонаси” деб белгилангани учун қурилишга рухсат берилмаяпти”, дейди Кушербоев.
Эслатиб ўтамиз, “Тоштурма” 2017 йилда Зангиота туманига кўчирилган, бўшаган ҳудуд эса аҳоли дам оладиган хиёбон сифатида фойдаланилиши лозим эди.