“Тоштурма”да маҳкумлар полда ётибдими?
Жамият
−
15 Май 17428 2 дақиқа
Кеча, 14 май куни ижтимоий тармоқларда “Тоштурма” номи билан танилган Жазони ижро этиш департаментининг Тошкент вилоятида жойлашган Марказий тергов ҳибсхонасида белгиланган меъёрдан ортиқ шахс сақланаётгани ва уларнинг кўпчилиги полда ётгани ҳақида хабарлар тарқалди. Ҳолат юзасидан Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман) муносабат билдирди.
Билдирилишича, мазкур масала аввал ҳам Омбудсман томонидан ўрганилиб, натижаси бўйича Ички ишлар вазирлиги ва бошқа масъул идораларга тегишли хулоса киритилган ҳамда бу борада жамоатчиликка хабар берилган.
Бугун, 15 май куни амалга оширилаётган қурилиш ишларини яна бир бор кўриш ҳамда муассасадаги шароитларни мониторинг қилиш мақсадида Омбудсман ходимлари у ерга борган.
Қайд этилишича, ҳибсхона ҳудудида қўшимча жойлаштириш имконини яратиш мақсадида 6 қаватдан иборат янги бино қурилиши бошланган ва ҳозирда қурилишнинг сўнгги босқичи – олтинчи қават қурилиши амалга оширилмоқда.
“Якунланаётган қурилиш ишлари маҳбуслар учун яратилган шарт-шароитларни яхшилаш ва сақланаётган шахсларнинг яшаш майдони бўйича белгиланган нормага риоя қилиш имконини беради”, дейилади хабарда.
Қўшимча қилинишича, мониторинг давомида маҳбуслар билан суҳбатлар ўтказилиб, уларнинг яшаш шароити, овқатланиш, тиббий ёрдам билан таъминланиши, санитария-гигиена талабларига риоя этилиши ҳолатлари ҳам атрофлича ўрганилган. Шунингдек, учрашувга келган адвокатлар билан суҳбатлашилган.
Шу билан бирга, янги бино қурилишини тезлаштириш, мавжуд муаммонинг ечими бўйича тегишли чоралар кўриш юзасидан тавсиялар берилган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ “Тоштурма”даги маҳбусларга суткасига атиги 4-6 соат давомида сув берилаётгани ҳақида хабарлар тарқалган эди. Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман) эса ушбу ҳолат кузатилмагани ва бу хабарлар ҳақиқатга яқин эмаслигини маълум қилганди.
Live
БарчасиЗеленский Германия Президенти билан учрашди
15 Декабрь