Собиқ “Тоштурма” ҳудуди бўйича ҳокимга сенатор сўрови юборилди
Жамият
−
06 Октябрь 8546 2 дақиқа
Сенатнинг Аграр, сув хўжалиги масалалари ва экология қўмитаси раисининг ўринбосари Сайёра Абдукаримова томонидан собиқ “Тоштурма” ҳудудида қурилиши режалаштирилган хиёбон бўйича Тошкент шаҳар ҳокими Шавкат Умурзоқовга сенатор сўрови юборди. Бу ҳақда Олий Мажлис Сенати хабар берди.
2018 йил 22 мартда қабул қилинган Вазирлар Маҳкамасининг 220-f-сонли фармойишига асосан пойтахтнинг Юнусобод тумани Наманган кўчаси 1-уй манзилида жойлашган собиқ 1-сонли тергов ҳибсхонаси бино-иншоотлари ва унга тегишли ҳудуд Тошкент шаҳар ҳокимлиги балансига ўтказилган. Мазкур ҳудудда барча зарур инфратузилмага эга замонавий хиёбон (дам олиш маскани) барпо этиш вазифаси юклатилган.
Сенаторга кўра, орадан анча вақт ўтганига қарамай, фармойишда белгиланган вазифалар ижроси ҳанузгача тўлиқ таъминланмаган. Ҳозирда ушбу ер майдонлари қаровсиз ҳолатда қолаётгани, айрим қурилиш компаниялари томонидан эса ҳудуддан хусусий манфаатларда фойдаланишга бўлган уринишлар кузатилаётгани фуқароларнинг ҳақли эътирозларига сабаб бўлмоқда.
Юқоридагиларни инобатга олиб, сенатор томонидан Тошкент шаҳар ҳокимига сенатор сўрови юборилган.
Сенатор Абдукаримова Тошкент шаҳар ҳокимидан мазкур ҳудуднинг ҳозирги ҳолати, фармойишда белгиланган вазифалар бажарилиши кечиккани сабаблари ҳамда тегишли ер майдонини ободонлаштириш ва замонавий хиёбон барпо этиш бўйича кўрилган амалий чоралар юзасидан асослантирилган тушунтириш беришни сўраган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Сенатнинг Бюджет ва иқтисодий масалалар қўмитаси раиси ўринбосари Қобул Турсунов томонидан Рақамли технологиялар вазири Шерзод Шерматов номига сенатор сўрови юборилганди.