“Тошшаҳартрансхизмат”нинг 7,5 йилга қамалган собиқ раҳбари озодликка чиқарилди

3-саҳифа

image

Жорий йил февраль ойида суд ҳукми билан давлат мулкини талон-торож қилиш, мансаб сохтакорлиги каби моддаларда айбдор деб топилиб, 7,5 йилга озодликдан маҳрум қилинган “Тошшаҳартрансхизмат”нинг собиқ раҳбари Анвар Жўраев озодликка чиқарилди. QALAMPIR.UZ суд ҳукми билан танишди.

Мазкур иш апелляция инстанциясида кўриб чиқилган ва Тошкент шаҳар суди жиноят ишлари бўйича апелляция инстанцияси судлов ҳайъатининг 2025 йил 5 июндаги ажрими билан Анвар Жўраевга чиқарилган биринчи инстанция суди ҳукми ўзгартирилган. Анвар Жўраев 3 йил муддатга “Тошшаҳартрансхизмат” АЖ тизимида мансабдорлик ва моддий жавобгарлик юклатилган лавозимларда ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилиниб, 4,5 йил муддатга озодликни чеклаш жазосига ҳукм қилинган. Унга яшаш жойини ҳукмнинг ижросини назорат қилувчи орган рухсатисиз ўзгартирмаслик, Ўзбекистондан ташқарига чиқмаслик, оммавий ва бошқа тадбирларда иштирок этмаслик каби тақиқлар юклатилган. Анвар Жўраевга нисбатан қўлланилган қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси бекор қилиниб, у суд залидан озод қилинган.

Жўраевнинг ўринбосари лавозимида ишлаган Абдужамил Азизовга ҳам 3 йил муддатга “Тошшаҳартрансхизмат” АЖ тизимида мансабдорлик ва моддий жавобгарлик юклатилган лавозимларда ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилган ҳолда 4,5 йил муддатга озодликни чеклаш жазоси қўлланилган. У ҳам суд залидан қамоқдан озод этилган.

Шунингдек, суд ажрими билан жиноят иши доирасида озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган бошқа судланувчиларга ҳам озодликни чеклаш жазоси қўлланилган. Айримлардан пул ундирилиши, кўчмас мулклари давлат фойдасига ўтказилиши белгиланган.

Эслатиб ўтамиз, 2024 йилнинг февраль ойида “Тошшаҳартрансхизмат” АЖ бошқаруви раиси лавозимида ишлаган Анвар Жўраев қамоққа олингани хабар қилинганди. ДХХ ходимлари томонидан транспорт соҳасида олиб борилган тезкор-қидирув тадбирлари натижасида, “Тошшаҳартрансхизмат” АЖ тизимида бир қатор қонунбузилиш ҳолатлари аниқланган. “Тошшаҳартрансхизмат” АЖ бошқарув раиси Анвар Жўраев автобус саройи филиаллари раҳбарлари билан ўзаро тил бириктириб, автобус саройларидаги эҳтиёт қисмлар, ёқилғи маҳсулотларини талон-торож қилиш йўли билан давлат манфаатларига жуда кўп миқдорда иқтисодий зарар етказган.


Мақола муаллифи

Теглар

Тошшаҳартрансхизмат Анвар Жўраев

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг