Истанбулдаги авиаҳалокатда ўзбекистонлик жароҳат олди
Олам
−
06 Февраль 2020
7382Аввалроқ, Туркиняинг Истанбул шаҳридаги Сабиҳе Гёкчен аэропортида самолёт қўниш вақтида ҳалокатга учрагани ва бўлиниб кетгани ҳақида хабар берган эдик.
Ўзбекистоннинг Истанбулдаги Бош консулхонаси берган маълумотга кўра, Истанбулдаги ҳалокатга учраган самолётда Ўзбекистон фуқароси ҳам бўлган. Ҳодисада ўзбекистонлик Б.С. жароҳатланган. У “Medikana” клиникаси жойлаштирилган.
Бош консулхона вазиятни назоратга олган ва Ўзбекистон фуқаросига ёрдам бериш бўйича чоралар кўрмоқда.
Консуллик ҳуқуқий департаменти Туркия ҳудудида бўлиб турган фуқароларга зарур вазиятларда Ўзбекистоннинг Анқара шаҳридаги Элчихонасига (тел.: +90 312-441-17-46, +90 312-441-38-71/72) ёки Истанбул шаҳридаги Бош консулхонасига (тел.: +90 212-323-20-37, +90 212-229-00-75) мурожаат қилишлари мумкинлигини эслатди.
Маълумот учун, Измир шаҳридан Истанбул шаҳрига учган самолётда 177 нафар йўловчи ва 4 нафар экипаж аъзоси бўлган. Ҳозиргача 3 киши қурбон бўлди, қолган барча тиббий ёрдамга мурожаат қилган. Аҳволи оғир бўлган одамлар ҳам бор.
Шунингдек, ҳалокат юз берганидан кейин парвозлар учун ёпилган Сабиҳе Гёкчен аэропорти фаолиятини қайта тиклади.