Туркияда яна фалокат. Самолёт қўниш вақтида бўлиниб кетди (видео)
Олам
−
06 Февраль 2020
13345Кеча, 5 февраль куни Туркиянинг Истанбул шаҳридаги Сабиҳа Гёкчен аэропортига қўниш вақтида бортида 177 киши бўлган йўловчи самолёти ҳалокатга учради.
Pegasus Airlines авиакомпаниясининг Измирдан Истанбулга рейс бажарган Boeing 738 самолёти қўниш вақтида аэропортнинг учиш-қўниш йўлакчасида тўхтай олмай, ундан 60-70 метрга чиқиб кетган ва 40 метрлик жарликдан пастга қулаб, учга бўлиниб, ёниб кетган.
Истанбул губернатори Али Эрликаянинг сўзларига кўра, самолёт бортида 177 йўловчи ва экипажнинг 6 аъзоси бўлган. Ҳодисада 3 киши ҳалок бўлган, 179 киши турли даражада жароҳатланган.
Дастлабки тахминга кўра, фалокатга самолётнинг қўниши вақтидаги кучли шамол сабаб бўлган.
Маҳаллий вақт билан соат 18:00 атрофида юз берган воқеадан кейин аэропортда парвозлар вақтинчалик тўхтатилган. Ҳозирача 40 га яқин самолёт бошқа аэропортга юборилган.
Аввалроқ, Туркиянинг Ван-Боғчасарой магистрал йўлида икки марта қор кўчкиси юз бергани оқибатида 33 киши ҳалок бўлгани ҳақида хабар берган эдик.
LiveБарчаси