Тошкентдаги подстанцияда авария: 9000 истеъмолчи “свет”сиз қолди
Жамият
−
24 Ноябрь 2023
10556Бугун, 24 ноябрь куни Тошкент шаҳри Олмазор туманида жойлашган “Сағбон” подстанциясидаги мавжуд юқори кучланишли электр қурилмасида фавқулодда авария ҳолати содир бўлди. Бу ҳақда “Ҳудудий электр тармоқлари” АЖ Тошкент шаҳар филиали хабар берди.
Маълум қилинишича, бугун соат 11:40 да содир бўлган ҳолат ҳалигача бартараф этилмаган. Ҳозирда “Ҳудудий электр тармоқлари” АЖ Тошкент шаҳар филиали мутахассислари томонидан ушбу носозликни бартараф этиш ишлари олиб борилмоқда.
Авария оқибатида Олмазор туманининг Қорақамиш 1/2, 1/3, 2/1, 2/4, 3/2 мавзелари ҳамда Тошкент тумани Келес йўли кўчаси истеъмолчилари (9000 истеъмолчи) қисман электр таъминотидан узилган.
АЖ мутахассислари шунингдек, ушбу авариянинг юзага келиш сабабларини ҳам очиқлади.
Аниқланишича, олиб борилаётган модернизация ишлари жараёнида, яъни қуввати 40 000 кВА бўлган янги куч трансформаторини алмаштириш вақтида таъминот вақтинчалик иккинчи трансформаторга ўтказилгани учун тармоқда юклама ошиб кетган ва бу фавқулодда ҳолат юзага келишига сабаб бўлган.