Тошкентдаги меҳмонхонада россиялик журналист ўлик ҳолда топилди
3-саҳифа
−
22 Октябрь
17522“Лента” нашри ва “Профиль” журналида фаолият юритган россиялик журналист Инесса Паперная Тошкент шаҳридаги меҳмонхоналардан бирида ўлик ҳолда топилди. Бу ҳақда “База” хабар берди.
Манбага кўра, журналист Ўзбекистонга дам олиш учун келган. У ҳамроҳи билан “Karaman Palace” меҳмонхонасига жойлашган.
20 октябрь куни кечқурун Инессага почта жўнатмаси келган. Меҳмонхона ходимлари эшикни тақиллатишса ҳам ҳеч ким жавоб бермагач, хонани очишга қарор қилинади. Эшик очилиб, хонага кирилганда ичкарида иккита жасад – Паперная ва унинг дўстининг жонсиз танаси топилган.
Дастлабки тахминларга кўра, марҳумлар вентиляция тизимига кириб қолган газдан заҳарланган. 20 октябрга ўтар кечаси меҳмонхонада бассейн тозаланган – чамаси, газ қувурдан кўтарилиб, Папернаянинг хонасига кириб қолган.
Нашрнинг ёзишича, ҳодиса юз берганидан сўнг “Karaman Palace” меҳмонхонаси муҳрланган, ҳозирда тергов ишлари олиб борилмоқда.
QALAMPIR.UZ ҳолатга аниқлик киритиш мақсадида Бош прокуратура матбуот котиби Ҳаёт Шамсутдинов билан боғланди.
Маълум қилинишича, жорий йилнинг 20 октябрь куни Миробод туманида жойлашган меҳмонхонада Россия Федерацияси фуқаролари 1979 йилда туғилган Радченко Максим ва 1977 йилда туғилган Паперная Инесса Викторовналарнинг вафот этганлиги аниқланган.
Бундан ташқари, ушбу меҳмонхонадаги бошқа хонанинг ювиниш хонасидан Ўзбекистон фуқароси 1976 йилда туғилган У.Х. нинг вафот этганлиги аниқланган.
Дастлабки суд тиббий ташхисига кўра, марҳумларнинг ўлими номаълум этиологияли заҳарланишдан келиб чиққанлиги кўрсатилган.
Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 186-моддаси 4-қисми “а” банди билан жиноят иши қўзғатилиб, ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
LiveБарчаси