Тошкентдаги мактаблардан бирида ўқувчини илон тишлаб олди
Жамият
−
18 Май 2023
17566Тошкент шаҳри Бектемир туманидаги 348-мактабда 6-синф ўқувчисини илон тишлаб олди. Бу ҳақда шаҳар Мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси матбуот хизмати хабар берди.
Маълум қилинишича, воқеа шу йилнинг 10 май куни тушдан сўнг содир бўлган.
Бошқарма хабарига кўра, шу куни соат 12:30 ларда 6-синфда таҳсил олувчи ўқувчини мактаб биносининг иккинчи қавати дераза ром қисмининг тирқишидан кирган сув илони тишлаб олган. Жабрланувчига ўз вақтида биринчи тез тиббий ёрдам кўрсатилиб, ота-онаси ва синф раҳбари ҳамроҳлигида Тошкент шаҳридаги 16-сонли шифохонага олиб борилган. Ўтказилган текширув натижасида ўқувчи жиддий жароҳат олмагани маълум бўлган ва у шу куннинг ўзида мактабдаги дарсларини давом эттирган.
Маълумот учун, ушбу мактаб дастлаб Ўртачирчиқ тумани Халқ таълими бошқармасига қараган ва 52-сонли бўлган. Бектемир туман ҳокимининг 2022 йил 14 январдаги қарорига асосан у Бектемир тумани ХТБ тасарруфига ўтказилиб, 348-сон рақами берилган. Унинг биноси 1978 йилда қурилган бўлиб, Тошкент вилояти Ўртачирчиқ туманининг, ҳозирда Бектемир тумани Забардаст маҳалласида, дала ҳудуди билан чегарадош қисмида жойлашган ҳамда унинг ёнидан канал оқиб ўтади. Бинода 2008 йилдан буён таъмирлаш ишлари олиб борилмаган. 2023 йилнинг март-апрель ойларида эса “Ташаббусли бюджет” лойиҳаси доирасида унинг том қисмида капитал таъмирлаш ишлари олиб борилган. Давлат дастурига кўра, мактаб 2024 йилда тўлиқ таъмирланиши кўзда тутилган.
LiveБарчаси