“Тошкентдаги ИИВ биноси “қўлга олинди” хабарига ИИВ муносабат билдирди

Жамият

image

Жорий йилнинг 16 декабрь куни Asiaterra.info сайтида ва Facebook ижтимоий тармоғининг Aziaterra.info саҳифасида “Тошкентда ИИВ биноси “қўлга олинди” сарлавҳали хабар чоп этилган эди. Мазкур хабарга Ички ишлар вазирлиги қуйидагича муносабат билдирди.

Аниқланишича, 15 декабрь куни соат 14:00 ларда 1957 йилда Андижон вилоятида туғилган Елена Урлаева, 1958 йилда туғилган Мидат Ахмедянов ва 1971 йилда туғилган Венера Шакирова ИИВ Марказий аппаратининг “Фуқаролар қабулхонаси” биноси олдида ўз муаммоларини намойишкорона кўрсатиш мақсадида 4 дона плакатни кўтарган ҳолда суратга тушган.

Шундан сўнг ушбу фуқаролар вазирлик “Фуқаролар қабулхонаси”га таклиф этилган ҳамда уларнинг мурожаатлари вазирликнинг тегишли соҳавий хизмат раҳбарлари ва масъул ходимлари томонидан қабул қилинган.

Шунингдек, “Тошкентда ИИВ биноси “қўлга олинди” сарлавҳали хабарда фуқаро Й.Урлаева муқаддам Мирзо Улуғбек тумани бўйича Ички ишлар органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармасига ўзига тегишли бўлган ҳужжатлар бошқа аёл томонидан ўзбошимчалик билан олиб қўйилгани ҳақидаги мурожаати юзасидан чора кўрилмаётганлиги кўрсатиб ўтилган.

Маълум бўлишича, 2019 йил 27 ноябрь куни Тошкент шаҳар Мирзо Улуғбек тумани бўйича Ички ишлар органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармаси навбатчилик қисмига «102» хизмат рақами орқали фуқаро Й.Урлаеванинг фуқаро Т.Пўлатовадан ҳужжатларини қайтариб олиб бериш масаласида мурожаати келиб тушган. Ушбу мурожаат тегишли тартибда рўйхатдан ўтказилиб, туман бўйича Ички ишлар органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармаси 1-сон ИИБ масъул ходимлари томонидан суриштирув ишлари олиб борилган.

Суриштирув ишлари давомида қуйидагилар:

•  фуқаро Й.Урлаева 2001 йилдан Тошкент шаҳар Руҳий асаб касалликлар диспансерида “Параноид шизофренияси. Параноид синдроми” ташхиси билан ҳисобда туриши;
•  фуқаро Й.Урлаева Тошкент шаҳар Миробод туманлараро Фуқаролик ишлари бўйича суди томонидан 2006 йил 24 август куни “руҳий лаёқатсиз” деб топилгани;
•  фуқаро Й.Урлаеванинг онаси Вера Евсигнеева томонидан 2016 йилда Тошкент шаҳар Мирзо Улуғбек тумани Яланғоч даҳаси 103-уй 25-хонадонда рўйхатда турувчи, 1951 йилда туғилган Турсуной Пўлатовага қизининг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш учун унинг номига “ишончли вакил” сифатида нотариус томонидан тасдиқланган ишончнома берилгани;
•  Мирзо Улуғбек тумани ҳокимининг 2018 йил 23 мартдаги №131-сонли қарорига асосан, фуқаро Т.Пўлатова фуқаро Й.Урлаевага васий этиб тайинлангани аниқланган.
Юқоридагиларга асосан, фуқаро Й.Урлаеванинг мурожаатида келтирилган ҳолатларда жиноят аломатлари бўлмаганлиги инобатга олиниб, Жиноят процессуал кодексининг 83-моддаси (“Реабилитация учун асослар”) 2-қисмига асосан жиноят ишини қўзғатишни рад этиш ҳақида қарор қабул қилинган ва тегишли тартибда мурожаат муаллифига жавоб хати юборилган.

“Бундан ташқари, хабарда келтирилган ИИВ биноси қўриқланиши борасидаги салбий фикрлар ҳақиқатдан йироқ эканлигини маълум қиламиз”,  дейилади хабарда.


Мақола муаллифи

Теглар

Facebook ИИВ

Баҳолаганлар

799

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг