Тошкентдаги бозорлар кўчирилади
Жамият
−
05 Январь
27825Тошкент шаҳридаги озиқ-овқат, деҳқон ва буюм бозорларида қурилиш ва реконструкция ишлари бошланяпти. Бу ҳақда пойтахт ҳокимлиги маълум қилди.
Айтилишича, ушбу ишларнинг биринчи босқичида, пойтахтнинг барча бозорларига маҳсулотларни асосий етказиб берувчиси бўлган Тошкент қишлоқ хўжалик маҳсулотлари улгуржи бозори реконструкция қилинади.
"Бозорга олиб келинаётган маҳсулотлар бозор ҳудудига сиғмай, атрофидаги ҳудудларда, шу жумладан Чирчиқ канали бўйида тартибсиз савдо амалга оширилаётгани ҳамда бозор ҳудудига кунига 600 дан ортиқ юк машиналари кириб-чиқиши автомобиль йўлларининг тирбандлигига асосий сабаб бўлмоқда ва аҳолига жиддий ноқулайликлар яратмоқда", дейилади ушбу эълонда.
Реконструкция даврида тадбиркорлар ўз фаолиятини “Food city”, “Tashkent Index” ва бошқа савдо мажмуаларида ташкил этилган қулай шароитларда давом эттирилиши таклиф қилинади.
Бунда, тадбиркорлар мулкларини кўчириш билан боғлиқ бўлган харажатлар (транспорт, юклаш, тушириш ва бошқалар) бепул амалга оширилади ҳамда савдо мажмуаларидаги дўконлар учун ижара тўловларидан 3 ойга озод қилинади.
Шунингдек, аҳолига қулай шароит яратиш мақсадида “Қўйлиқ” массивидан бозор ҳудудигача йўлкира хақи олинмайдиган 10 та автобус йўналишга қўйилиб, жамоат транспорти учун шоҳбекат ташкил қилинди ва шаҳарнинг барча йўналишларга чиқиш имкони яратилди.
Бозорда фаолият юритаётган 144 нафар ишчи-ходимлар “Food city” ва “Tashkent Index” савдо мажмуаларида иш билан таъминланади.
Бу билан озиқ-овқат, деҳқон ва буюм бозорларидаги сотувчи ва харидорларга қулайлик яратиш, бозорлар фаолиятини такомиллаштириш, уларнинг санитария-гигиена ҳамда ёнғин хавфсизлиги талабларига жавоб берадиган ҳолатга келтириш мақсад қилингани айтилган.