Тошкентдаги бозорда жанжал кўтарган савдогарлар жазоланди
3-саҳифа
−
30 Апрель 7806 2 дақиқа
Аввалроқ, Тошкент шаҳрининг Яшнобод туманидаги бозорлардан бирида бир неча савдогарлар ўзаро жанжаллашгани акс этган видео тарқалиб, турли муҳокамаларга сабаб бўлгани ҳақида хабар берилганди. Ушбу савдогарлар маъмурий жавобгарликка тортилди. QALAMPIR.UZ суд ҳукми билан танишди.
Суд ҳужжатларида қайд этилишича, жорий йилнинг 15 апрель куни Яшнобод туманидаги бозорлардан бирида шу бозорда савдо қилувчи фуқаролар – 1998 йилда туғилган А.А., 2006 йилда туғилган З.Д., 1982 йилда туғилган Н.Э. ҳамда 1984 йилда туғилган М.М. лар тортишиб қолиб, жамиятда юриш-туриш қоидаларини қасддан менсимасдан ўзаро жанжаллашиб кетган. Воқеа “Авиасозлар” деҳқон бозори олдида юз берган. Улар бир-бирларини ҳар хил уятсиз сўзлар билан ҳақорат қилган. Шунингдек, сотув маҳсулотларига зарар берган.
Ҳолат юзасидан кеча, 29 апрель куни Жиноят ишлари бўйича Яшнобод туман судида бўлиб ўтган судда фуқаро A.A. Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 183-моддасида (майда безорилик) назарда тутилган ҳуқуқбузарликни содир этган топилди ва 3 суткага қамалди. Шунингдек, ундан маъмурий қамоқнинг ҳар бир кунига базавий ҳисоблаш миқдорининг 15 фоизи миқдорида, яъни 168 минг 750 сўм давлат фойдасига ундирилиши белгиланди.
Қолган 3 фуқаролар – З.Д., Н.Э. ҳамда М.М.га юқоридаги моддага асосан БҲМнинг 3 баравари (1 миллион 125 минг сўм) миқдорида жарима жазоси тайинланган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Жиззах вилоятининг Жиззах шаҳрида эркак ва аёл сотувчи ҳомиладор аёлни калтаклаган эди. Мазкур ҳолат юзасидан Жиззах шаҳар ИИБ ҳузуридаги Тергов бўлими томонидан аёлни дўппослаганларга нисбатан Жиноят кодексининг 109-моддаси (қасддан баданга енгил шикаст етказиш) 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилган.
Live
Барчаси