Тошкентдаги автобусларда йўл ҳақини нақд кўринишида тўлаганлар жаримага тортилади
Жамият
−
07 Январь
6007Тошкент шаҳридаги барча автобусларда 1 январдан йўлкира тўловларини нақд шаклда тўлаш тўхтатилганди. Эндиликда йўл ҳақини нақд пул кўринишида берган йўловчи жаримага тортилади. Бу ҳақда ЎзА хабар берди.
Қайд этилишича, йўлкира учун тўловларни нақд тўлаш амалиёти бекор қилиниши ортидан чиптачилар фаолиятидан воз кечилади. Чиптачилар билан шартномаларни бекор қилиш меҳнат қонунчилиги асосида амалга оширилади, уларга дастлаб бу борада огоҳлантириш хатлари берилган. Бугунги кунда Тошкентда 2644 та автобекат бўлса, улар атрофига 5500 та QR-чипталар олиш учун шохобчалар ўрнатилган.
“Айни дамда пойтахтдаги мавжуд бўлмаган бекатларга инфокиоскларни интеграция қилиш ишлари кетмоқда. Агар сиз нақд пул орқали тўлов қилмоқчи бўлсангиз, QR-чиптани харид қилиш учун тўлов инфокиоскларидан фойдаланишингиз мумкин. Бир марталик тўлов учун QR-чипта олсангиз йўл ҳақи 3000 сўм, “АТТО” картаси ёки мобил илова орқали тўлашда 1700 сўмни ташкил этмоқда. Бир марталик QR-чиптадан фойдаланиш учун автобус бекатларида QR-чипталар олиш учун шохобчалар ўрнатилган. Шу ўринда айтиш жоиз, олган бир марталик чиптангизга эҳтиёткорлик билан муносабатда бўлишингиз керак. Чиптани текшириш учун қатнов охиригача сақлаш лозим. Барча “АТТО” карталарида ўтиш тарифлари амал қилади”, дейди мутахассис.
Транспорт назорати инспекцияси Тошкент шаҳар ҳудудий бўлими инспектори Салимжон Нишонбоевга кўра, агар йўловчи йўл ҳақини нақд кўринишда тўламоқчи бўлса, ҳайдовчи қабул қилмаслиги керак. Бу вазият Транспорт инспекциясининг ҳудудий инспекторлари томонидан назорат қилинади. Биринчи сафар огоҳлантириш берилади. Огоҳлантиришга қарамасдан ҳуқуқбузарлик такрорланадиган бўлса, ўрнатилган тартибда ҳайдовчига ҳам, йўловчига ҳам маъмурий баённома расмийлаштирилади.
Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 144-моддаси ҳамда 145-моддасига асосан маъмурий баённома расмийлаштирилади. Яъни, йўловчига нисбатан маъмурий баённома Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 144-моддасига асосан тузилади ва базавий ҳисоблаш миқдорининг ўндан бири миқдорида жарима белгиланади. Ҳозирги кунда базавий ҳисоблаш миқдори 375 минг бўлса, 37 минг 500 сўм миқдорида фуқаро жаримага тортилади. “Тошшаҳартрансхизмат” акциядорлик жамияти томонидан барча автобусларга назорат камералари ўрнатилган.
LiveБарчаси