Тошкентдаги “16-шифохона” болалар билан тўлди. Улар заҳарланганми?
Саломатлик
−
23 Сентябрь 2023
13874Бугун, 23 сентябрь куни Тошкентда 160 дан ошиқ болалар оммавий заҳарланган бўлиши мумкин. Бу ҳақда QALAMPIR.UZ'га ота-оналардан мурожаат етиб келди. Уларнинг айтишича, болаларнинг заҳарланишига яқинда мактаб ва мактабгача таълим муассасаларида (МТМ) тарқатилган йод препарати сабаб бўлган. Ҳолатга аниқлик киритиш мақсадида таҳририят мухбири Республика тез тиббий ёрдам илмий марказига етиб борди ва ота-оналар ҳамда шифокордан интервью олди.
Ҳаммада бир хил аломатлар кузатилмоқда
“Икки нафар ўғлим 599-сонли мактабгача таълим муассасасига боради. МТМ ходимлари Соғлиқни сақлаш вазирлиги буйруғи билан болаларимизга дори берган. Оқибатда фарзандимиз оғир аҳволга тушиб қолди. 20 сентябрь куни дори ичирилган бўлса, икки кун давомида ўғилларимдан бири деярли овқат емади. Фақат қайт қилиш ҳолатлари кузатилиб, иситмаси кўтарилди. Иккинчи ўғлимда ҳам худди шунақа аломатлар кузатилгач, ҳар иккисини ҳам шу шифохонага олиб келишга мажбур бўлдик. Келсам, тумонат одам. Мактаб ва боғча болаларини олиб келаётганларнинг кети узилмаяпти. Шифокорлар ўғлимни текширди, айни пайтда даволаш жараёни кетяпти”, деди Сергели туманидан келган Фахриддин Қўчқоров.
Яна бир бемор боланинг онаси унинг фарзандида ҳам худди шундай аломатлар кузатилганини маълум қилди.
“Қизим 566-сонли давлат МТМга боради. Чоршанба, яъни 20 сентябрь куни унинг иссиғи кўтарилиб кетди. Қорни оғриётганини айтиб, эрталабдан қайт қилишни бошлади. Шундан кейин иситмаси 39,5-39 даражагача етди. Балки томоғи оғриётгандир, дея уйда даволашга ҳаракат қилдим. Лекин шунда ҳам иссиғи 37,5га тушди, холос. Яхши овқатланмай қолди, ҳар ҳожатга кирганида эса ичи кела бошлади. Кейин интернетга кириб қарасам, шунақа ҳодисалар. Боғча опасига телефон қилиб, қизимга дори бергани ёки йўқлигини сўрадим. У эса “Дори берилганди, лекин тўкиб қўйдик. Шундан кейин болаларга йод препарати берилмади”, деб айтди. Қанақасига тўкиб қўяди? Ахир дори капсула кўринишида бўлган, қизим айтди”, деди Янгиҳаёт туманида истиқомат қилувчи Зиёда Рихсиева.
Оғиздаги гап қоғоздагига тўғри келмаяпти
QALAMPIR.UZ мухбири Республика тез тиббий ёрдам маркази Токсикология бўлими мудири Неъмат Эшбоевдан ҳам интервью олди. У эса мазкур ҳолатлар доридан заҳарланиш эмаслигини айтди.
“Икки кун давомида токсикология қабул бўлимига мурожаатлар сони кўпайди. Кеча, 22 сентябрь куни 50-60 нафар бола олиб келинган бўлса, уларнинг деярли 90 фоизига амбулатор ёрдам кўрсатилди. Уларни палаталарга ётқизишга ҳожат йўқ. Қолганларини эса яшаш жойидаги тиббиёт масканларига жўнатдик. Бугун эса ҳозиргача (соат 17:00 ҳолатига кўра) 30-40 нафар атрофидаги бемор болалар олиб келинди. Аммо қилинган мурожаатларда гастризация қилишга, ёки бошқа турдаги ёрдам кўрсатишга асос йўқ. Олиб келинган беморларнинг 90-95 фоизида доридан заҳарланиш ҳолати тасдиқланмаяпти. Кўпчилигида ўткир ичак инфекцияси ёки респиратор вирусли инфекциялари тасдиқланяпти. Уларга тегишли ёрдамларни бериб, ўз ҳудудидаги педиатрларга ёки юқумли касалликлар шифохонасига жўнатяпмиз. Болалар, асосан, ҳар хил турдаги дорилардан заҳарланиш гумони билан олиб келиняпти. Лекин текширув давомида шу нарса аниқ бўлдики, кўп болаларда ўткир респиратор инфекция, ёки ўткир ичак инфекцияси аниқланган”, деди шифокор.
Унинг айтишича, шифокорлар томонидан олинган таҳлилларга кўра, болаларда ваҳимали, оғир ҳолатлар учрамаяпти. Уларнинг барчасида енгил даражадаги гриппга ўхшаш аломатлар ёки ўткир заҳарланиш ҳолатидаги аломатлар мавжуд.
Ажабланарли томони шундаки, мухбир билан суҳбатлашган айрим ота-оналарнинг фарзандларига доридан заҳарланиш ташхиси қўйилган ва худди шундай ёзилган маълумотномалар берилган.
“Шифокорлар қизимни текшириб, ундан анализ олишди. Даставвал, менга унинг аҳволи яхши эканини айтиб, дадаси кирса, доридан заҳарланиш деб ёзилган анализ қоғозини берибди. Шунга энди бу қоғоз билан нима қилишни ҳам билмаяпмиз”, деди бемор қизини шифохонага олиб келган Зиёда Рихсиева.
Бошқа бир она ҳам унинг фарзанди билан содир бўлган ҳолат доридан заҳарланиш эканини тез тиббий ёрдам ходимлари ҳам, шифокорлар ҳам тасдиқлаганини билдирди.
“Тез тиббий ёрдам чақирганимизда боламнинг доридан заҳарланганини айтишди. Кейин қизимни шу шифохонага олиб келдик. Шифокорлар қизимни текшириб, даволашди. Бугун иккинчи кун, қизимнинг истимаси тушгач чиқиб кетяпмиз”, деди қизи соғайган она.
Болаларга йод препарати берилишидан олдин уларнинг ота-оналари огоҳлантирилмаган
Айрим ота-оналар мактаб ва МТМда фарзандларига йод препарати беришдан олдин улардан рухсат олинмаганини, болалари бундай дори ичганини фақатгина уларнинг ўзидан эшитганини билдирди.
“Менинг хабарим йўқ эди. Ҳеч ким биздан болангизга шундай дори беряпмиз, розимисиз деб сўрамади. Фарзандим овқат емай, қайт қилавергач ўзидан нима еганини сўрадик. У эса мактабда қандайдир дори берилганини айтди. Ўқитувчисидан сўрасак, йод экан. Хўп, шу дорини берар экан, нега биздан бир оғиз сўрамайди? Бу дори синовдан ўтганми, хавфсизми билишимиз керакку?!" деди шифохона эшиги тагида ўтирган оталардан бири.
Шифокорнинг маълум қилишича, йод маҳсулотларини профилактика мақсадида истеъмол қилиш зарур эканини айтиб, унинг ҳам набиралари айнан шу препаратни ичгани, аммо унда нохуш ҳолатлар кузатилмаганини маълум қилди.
“Республикамиз денгиздан узоқда жойлашгани сабабли ҳар доим фуқароларда йод танқислиги кузатилган. Бундай маҳсулотларни уйда ўз фарзандларимизга ҳам бериб келганмиз. Лекин уларда ҳеч қандай заҳарланиш аломатлари бўлмаган. Доридан заҳарланиш деган шубҳа халқ ичида урчияпти. Лекин республикада ишчи комиссия тузилган. Улар томонидан бундай ҳолатлар текшириляпти. Шу сабабли таҳлиллар натижасини кутишимиз керак. Ваҳима қилишга ҳожат йўқ, ҳаммаси назорат остида”, деди у.
QALAMPIR.UZ мухбирининг нима учун айнан ҳозир бундай мурожаатлар кўпаяётгани тўғрисидаги саволига Токсикология бўлими шифокори шундай жавоб берди:
“Ҳар йили куз ойлари бошланиши билан мактаб ва боғчалар ўз фаолиятини бошлайди. Бу пайтда болалар бир-бири билан танишади ва шу оқибатда вирусли инфекциялар бир-бирига юқади. Лекин шу пайтгача йоддан заҳарланганлик ҳолати бўйича биронта ҳам бола бизга мурожаат қилиб келмаган. Шу пайтгача болалар вирусли инфекцияларга чалинганда турли шифохоналарга мурожаат қилишган. Ҳозир эса барча шу доридан заҳарланиш деб ўйлаб, фақат Токсикология бўлимига мурожаат қилишмоқда”.
“Болалар ҳақиқатдан ҳам заҳарланган. Лекин жуда ваҳимали эмас” (?)
Ота-оналар ҳолат бўйича тегишли давлат органларини аллақачон хабардор қилган. Бироқ, улар болаларга йод препаратини бериш Президент қарори билан амалга оширилганини айтиб, масъулиятни ўз зиммасидан соқит қилишга уринган. Шифохонага на вазирликдан, на ҳокимиятдан вакиллар келиб ҳолат юзасидан аҳолига тушунтириш бермаган. 4 соатдан ошиқ вақт кутганимиздан сўнг, Чилонзор туман ҳокими ўринбосари келиб, изоҳ берди. Унинг айтишича, масъуллар эрталабдан бери шу ерда. Қолаверса, у болалар заҳарланганини ҳам тасдиқлади.
“Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий марказига келган болаларнинг аҳволи яхши. Уларда заҳарланиш бўлгани рост. Бу ҳолат бўйича шифокорлар келган беморларга ёрдам кўрсатмоқда. Чилонзор тумани ҳокимлиги ходимлари ҳам тармоқларда турли видеолар тарқалганидан сўнг бу ерга келдик. Ваҳимага ҳожат йўқ. Кечагига қараганда шифохонага олиб келинган болалар сони кам”, деди туман ҳокими ўринбосари Алишер Ҳотамов.
Шифохона олдидаги ота-оналар ҳам “фарзандларимиз доридан заҳарланган” деган қатъий фикрда. Уларнинг айтишича, болаларда ҳеч қачон бундай аломатлар кузатилмаган. Айнан шу дорини ичириш бошланганидан сўнг мактабларда бир хил аломат билан касалланганлар кўпайган.
“Агар менинг болам доридан заҳарланмаган бўлса, мана қўшнимнинг боласи. У ҳам шу аҳволда. Менинг болаларим ҳеч қачон бундай касал бўлмаган. Айниқса, мана шу қизим жуда тетик эди. Икки нафар болам айни пайтда грипплиги учун уларга дори ичиришмаган. Бу қизим ичгани учун ҳам мана шу аҳволга тушди. Аниқ шу доридан заҳарланган, ишончим комил”, деди бошқа бир она.
“Болаларимиз тажриба қуёнчаси эмас!”
Хулоса ўрнида ота-оналар масъуллардан ўз вазифасига жиддий ёндашишни, аҳоли фарзандларидан тажриба қуёнчаси сифатида фойдаланмасликни сўрамоқда.
“Давлатми, қайсидир ташкилотми уларнинг хоҳиш-истаги учун бизнинг болаларимиз тажриба қуёнчаси вазифасини бажариб бермаслиги керак. Бундан олдин ҳам “Док-1 Макс” дориси сабаб ўлим ҳолатлари кузатилганди. Шундан кейин ҳам хулоса чиқарилмадими?"
“Аввало, фарзандларимизга нима берилаётганини текшириш керак эди. Қаранг, болалар қанчалик қийналишмоқда. Иссиғи чиқиб кетган. Буни катта қилганча қанча қийналганмиз. Масъуллар нега масъулиятсизлик билан қараяпти?"
“Уларнинг ҳам фарзанди ё набираси бордир? Ўзининг фарзандига раво кўрмаса керак бу нарсани?"
“Тадқиқотдаги ҳайвон эмаску болалар. Бу дорини ичиришдан олдин назоратга олиб, огоҳлантириб, кейин берса бўлмасмиди? Масалан, қизимнинг ошқозонида муаммоси бор эди. Дорининг қўлланмасига қарасак, ошқозони касалларга бу дорини ичириш мумкин эмас экан”.
“Бизнинг болаларимиз тажриба майдончаси эмас. Нега ўшалар бу дориларни ўзининг фарзандига ичирмасдан, бизнинг боламизга беради? Марҳамат, ўзининг боласига ичириб кўрсин”.