Тошкентда жазирама сабаб электр узилишлари бўлиши мумкин
Жамият
−
13 июл 2627 1 дақиқа
Тошкент шаҳрида жазирама об-ҳаво сабаб электр энергиясига талаб ошиши кутилмоқда. Шу боис айрим ҳудудларда қисқа муддатли электр узилишлари ёки авариявий ўчиришлар юзага келиши мумкин. Бу ҳақда “Тошкент шаҳар магистрал электр тармоқлари” филиали хабар берди.
Қайд этилишича, юқори юклама электр тармоқлари ва ускуналарига қўшимча босим тушириши мумкин. Шу сабабли мутахассислар электр тармоқларининг барқарор ишлашини таъминлаш ҳамда юзага келиши эҳтимолий носозликларни тезкор бартараф этиш чораларини кўрмоқда.
“Сизлардан электр энергиясидан оқилона ва тежамкор фойдаланишингизни ҳамда юзага келиши мумкин бўлган вақтинчалик ноқулайликларга тушуниш билан ёндашишингизни сўраймиз”, дейилади хабарда.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда жорий ҳафта охиригача жазирама кучайиб, ҳаво ҳарорати айрим ҳудудларда 44 даражагача кўтарилиши кутилмоқда. Жазирама сабабли Соғлиқни сақлаш вазирлиги жазирама ёз кунларида аҳолига иссиқ об-ҳаво таъсиридан ҳимояланиш ва саломатликка эътибор қаратиш бўйича тавсиялар берди.
Шунингдек, жазирама сабабли Қорақалпоғистон Республикасининг Нукус шаҳри ва яна 8 туманидаги боғчалар фаолияти 13 июлдан 18 июлгача тўхтатилган эди. Ўзбекистоннинг бошқа ҳудудларида ҳам кутилаётган аномал иссиқ ҳаво сабаб боғчалар вақтинча ёпилиши мумкин.
Live
БарчасиУкраина Қримда дронлар парадини уюштирди
07 август