Кўприк қулади. Бу сафар ёмғир айбдор

Жамият

Бугун, 12 март куни Тошкент шаҳридаги Темур Малик ва Буюк Ипак йўли кўчалари кесишмаси атрофидаги янги туннель йўлида тиргак деворнинг бир қисми қисман ўпирилиб тушди. Бу ҳақда Тошкент шаҳар ҳокимлиги хабар берди.

Айни пайтдаги маълумотларга кўра, жабрланганлар қайд этилмаган. Воқеа жойига зудлик билан авария хизматлари, техник мутахассислар ва масъул ташкилотлар вакиллари юборилган. Ҳодиса содир бўлган ҳудуд ўраб олинган, зарур хавфсизлик чоралари кучайтирилган.

“Ҳозирда комплекс техник текширув ўтказилмоқда. Текширув якунланмагунча, узил-кесил хулоса чиқаришга ҳали эрта. Дастлабки тахминлар қаторида сўнгги кунлардаги кучли ёғингарчилик таъсири, жумладан, тупроқнинг ҳаддан ташқари намланиши ва конструкцияга тушадиган юкламанинг ортиши каби омиллар кўриб чиқилмоқда. Шу билан бирга, лойиҳавий ечимлар, қурилиш-монтаж ишлари сифати, дренаж тизимининг ҳолати, қурилиш назорати ҳамда объектни қабул қилиб олиш тартиби каби барча тегишли ҳолатлар ҳам текширилмоқда”, дейилади хабарда.

Билдирилишича, техник текширув якунлари бўйича тиклаш ишлари юзасидан қарор қабул қилинади. Қоидабузарликлар ёки ишларнинг лозим даражада бажарилмаганлиги аниқланса, масъул шахсларни белгиланган тартибда жавобгарликка тортиш чоралари кўрилади.

Тасдиқланган маълумотлар келиб тушишига қараб жамоатчилик ва оммавий ахборот воситалари расмий каналлар орқали қўшимча тарзда хабардор қилиб борилади.

Эслатиб ўтамиз, ушбу йўл ўтказгич 2024 йилнинг август ойида очилган эди. Реконструкция жараёнида йўл ўтказгич остидаги Темур Малик кўчаси тўрттадан олти тасмалига кенгайтирилган. Буюк ипак йўли кўчасидан чиқиш йўллари қўшилган ва йўл ўтказгичнинг ўзида ҳам, чиқиш чорраҳаларида ҳам бурилишлар ташкил этилганди.

Ўшанда Транспорт вазирлиги ҳузуридаги Автомобиль йўллари қўмитаси раиси Жамшид Турсунов бундай йўл ўтказгичнинг анъанавий бетон ва монолитга нисбатан афзаллиги у 2,5−3 баравар енгил, 30 фоизга арзон, фойдаланиш харажатлари 4−5 баравар кам ҳамда хизмат муддати 100−120 йилни ташкил этишини айтган эди.


Мақола муаллифи

Теглар

Тошкент йўл туннель Буюк Ипак йўли

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг