Тошкентда ўғирлаб кетилган фуқаронинг оиласидан пул талаб қилинди (видео)
3-саҳифа
−
07 Февраль 5873 2 дақиқа
Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси ҳамда Давлат хавфсизлик хизматининг пойтахт бўйича бошқармаси ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбир давомида товламачилик билан боғлиқ жиноят фош этилди. Бу ҳақда идоранинг ахборот хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, ўзини кўча безорилари сифатида тутиб келган икки нафар шахс Шайхонтоҳур тумани Самарқанд дарвоза кўчасида фуқаролардан бирига тан жароҳати етказиб, уни мажбуран автомобилга ўтқазган. Сўнг номаълум томонга олиб кетиб, пичоқ билан таҳдид қилиб, 1700 АҚШ доллари талаб қилган. Жабрланувчининг оила аъзолари пулни топширгач, у озод этилган.
Бироқ орадан бир неча кун ўтгач, гумонланувчилар яна 1400 доллар талаб қилган, кейинчалик эса қўшимча равишда 1600 доллар сўрашган. Олинган кўрсатмаларга кўра, улардан бири учрашувга совутли қурол – пичоқ билан келганини тан олган.
Мазкур ҳолат юзасидан Нурмуҳаммад ва Санжар исмли шахсларга нисбатан Жиноят кодексининг 165-моддаси (товламачилик) 2-қисми “в” банди билан жиноят иши қўзғатилган. Улар қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси билан ушланган, ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Маълум қилинишича, 2026 йил бошидан буён республика ҳудудларида кўча безорилиги, товламачилик ва зўравонлик билан шуғулланган уюшган жиноий гуруҳларни аниқлаш ва қўлга олиш бўйича кетма-кет тезкор тадбирлар амалга оширилмоқда.
Ички ишлар вазирлиги Тезкор-қидирув департаментининг маълумотига кўра, ушбу тадбирлар криминоген вазиятни барқарорлаштириш, оғир ва уюшган жиноятларнинг олдини олишга қаратилган кучайтирилган чоралар доирасида олиб борилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Бухорода интим суратларни тарқатмаслик учун дугонасидан пул талаб қилган аёл ҳам ушланган эди.
Live
БарчасиПушкиннинг чевараси оламдан ўтди
07 Февраль