Тошкентда Tracker босиб кетган 6 ёшли бола вафот этди (видео)
3-саҳифа
−
11 июл 10236 1 дақиқа
Тошкентда Tracker 6 ёшли болани босиб кетиши оқибатида бола воқеа жойида вафот этди. Бу ҳақда Тошкент шаҳар ИИББ хабар берди.
Ижтимоий тармоқларда Тошкент шаҳридаги кўчаларнинг бирида Tracker автомобилини бошқараётган шахс йўл четидан машина ҳаракатига югуриб чиққан болани устидан босиб кетгани тасвирланган видеолар тарқалган эди.
Маълум қилинишича, ҳолат жорий йилнинг 1 июль куни соат 18:00 лар атрофида Тошкент шаҳрининг Мирзо Улуғбек тумани Чўлдарахт кўчасида содир бўлган. Кўчадаги камераларга тушган тасвирда Tracker автомашинасини аёл ҳайдовчи бошқарганини кўриш мумкин. Тасвирга кўра, автомобиль ҳаракат йўлига югуриб чиққан болани олд ва орқа шиналари билан ҳеч қандай тўхташсиз босиб ўтган.
Ушбу ЙТҲ оқибатида болакай олган тан-жароҳатлари сабаб воқеа жойида вафот этган. Мазкур ҳолат юзасидан шу куннинг ўзида воқеа жойига тергов-тезкор гуруҳи чиққан ва ҳужжатлар тўлиқ расмийлаштирилган.
Билдирилишича, ҳолат бўйича Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси ҳузуридаги тергов бошқармаси томонидан Жиноят кодексининг 266-моддаси (транспорт воситалари ҳаракати ёки улардан фойдаланиш хавфсизлиги қоидаларини бузиш) иккинчи қисми билан жиноят иши қўзғатилган бўлиб, ҳозирда тергов ҳаракатлари давом этмоқда.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 25 июнь куни Андижон вилоятида 2 киши Malibu уриб кетиши оқибатида вафот этган эди.
Live
Барчаси