Тошкентда Россиядаги яна бир ОТМ филиали очилади

Жамият

image

Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталига “Тошкент шаҳрида “А.И.Герцен номидаги Россия давлат педагогика университети” Федерал давлат бюджети олий таълим муассасаси филиалини ташкил этиш тўғрисида”ги Президент қарори лойиҳаси жойлаштирилди.

Қарор билан Ўзбекистон Республикаси Мактабгача таълим вазирлиги, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Ташқи ишлар вазирлиги ҳамда “А.И.Герцен номидаги Россия давлат педагогика университети” Федерал давлат бюджети олий таълим муассасасининг (Россия Федерацияси) Тошкент шаҳрида “А.И.Герцен номидаги Россия давлат педагогика университети” Федерал давлат бюджети олий таълим муассасаси филиалини ташкил этиш тўғрисидаги таклифига розилик берилади.

Қуйидагилар Филиалнинг асосий фаолият йўналишлари этиб белгиланади:

мактабгача таълим тизими учун олий таълим сифатига қўйиладиган умумий эътироф этилган халқаро талабларга ҳамда таълим дастурларига мувофиқ юқори малакали педагогик кадрлар тайёрлаш;

замонавий таълим дастурлари, ўқитиш методларини ишлаб чиқиш ва амалда жорий этиш, ўқув жараёнига илғор педагогик ва ахборот технологияларини ҳамда педагогика фанининг сўнгги ютуқларини татбиқ этиш, педагогик салоҳиятни ривожлантиришни қўллаб қувватлаш;

мактабгача таълим, коррекцион педагогика, психология соҳалари ҳамда бошқа илмий – методик тармоқлари бўйича фундаментал, амалий ва инновацион тадқиқотлар ўтказиш, ўқув жараёни сифатини оширишга йўналтирилган мақсадли инновацион лойиҳаларни ишлаб чиқиш ва амалга ошириш;

таълим ва фаннинг сифатини ошириш, таълим-фан узвийлиги ва узлуксизлигини ҳамда ўқитиш ва илмий-тадқиқот фаолияти интеграциясини таъминлаш учун шарт-шароитлар яратиш орқали педагог кадрлар тайёрлаш тизимини такомиллаштириш;

мактабгача таълим ташкилотлари ҳамда таълим соҳаси бошқаруви органларининг кадрларга бўлган эҳтиёжлари, жумладан, ҳудудларнинг олий маълумотли кадрларга бўлган талаблари асосида бакалавриат таълим йўналишлари ва магистратура мутахассисликлари бўйича педагог кадрлар тайёрлашни йўлга қўйиш, мактабгача таълим соҳасида илмий ва илмий-педагог кадрлар тайёрлаш, педагог ходимлар малакасини ошириш ва қайта тайёрлашни амалга ошириш;

ўқув жараёнига замонавий ахборот-коммуникация технологиялари, жумладан масофавий таълим методларини кенг жорий этиш, шунингдек рақамли технологиялар ва электрон таълим ресурсларини ишлаб чиқиш ҳамда амалда татбиқ қилиш;

хорижий мамлакатларнинг етакчи таълим муассасалари, илмий-тадқиқот марказлари ва бизнес-ҳамжамиятлари билан таълим ва илмий-методик соҳаларда узоқ муддатли ҳамкорликни мустаҳкамлаш ва ривожлантириш.

Белгилаб қўйилишича:

Филиал Университетнинг алоҳида таркибий бўлинмаси – олий таълим муассасаси ҳисобланади;

Филиал кадрларга бўлган эҳтиёжни ҳисобга олган ва келишилган ҳолда бакалавриат таълим йўналишлари ва магистратура мутахассисликлари бўйича кадрлар тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш, шунингдек илмий-педагогик кадрлар тайёрлашни амалга оширади;

Филиалда таълим Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳамда Мактабгача таълим вазирлиги билан келишилган ҳолда Университет томонидан тасдиқланадиган ўқув режа ва дастурлари асосида Россия Федерациясининг таълим стандартларига мувофиқ рус тилида, кейинчалик бошқа тилларда ҳам олиб борилади;

Филиал кадрлар тайёрлашни кундузги таълим шаклида олиб боради, шунингдек сиртқи таълим шакли ва аралаш таълим шакллари (blended learning) ҳам қўлланиши мумкин;

Филиалда таълим фаолияти 2020/2021 ўқув йилидан Ўзбекистон Республикаси Мактабгача таълим вазирлиги ва Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги билан келишилган йўналишлар ва дастурлари асосида бошланади;

Абитуриентларни қабул қилиш ва филиал битирувчиларини аттестациядан ўтказиш Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги билан келишилган ҳолда Университет томонидан белгиланган талаблар ва қоидаларга мувофиқ амалга оширилади;

Филиал битирувчиларига Ўзбекистон Республикасида олий маълумот тўғрисидаги ҳужжат сифатида тан олинадиган Университетнинг белгиланган намунасидаги дипломи берилади;

Филиалнинг фаолияти Ўзбекистон Республикаси ва Россия Федерацияси қонунчилигига мувофиқ амалга оширилади.

“Ўзбекгидроэнерго” акциядорлик жамиятига қарашли Тошкент шаҳар, Навоий шоҳ кўчаси, 22-уй манзилида жойлашган бино ва иншоотлар оператив бошқариш ҳуқуқи билан Ўзбекистон Республикаси Мактабгача таълим вазирлигига берилади ҳамда Филиал беғараз фойдаланиш ҳуқуқи асосида жойлаштирилади.


Мақола муаллифи

Теглар

ОТМ филиал

Баҳолаганлар

46

Рейтинг

2.9

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг