Тошкентда наркотик савдоси билан шуғулланган украиналиклар ушланди (видео)
Crime
−
23 July 2731 2 minutes
Тошкент шаҳрида гиёҳвандлик воситаларининг ноқонуний савдоси билан шуғулланган хориж фуқаролари қўлга олинди. Улардан қарийб 2 килограммга яқин мефедрон, гашиш ва альфа-PVP туридаги гиёҳвандлик воситалари аниқланган. Бу ҳақда Давлат хавфсизлик хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, Украина фуқаролари бўлган 1994, 1997 ва 2001 йилларда туғилган уч нафар шахс қўлга олинган. Маълум бўлишича, улар жорий йилнинг 12 июнь куни Ўзбекистонга келган ва Тошкент шаҳрининг Яшнобод туманидаги икки хонадонда вақтинча истиқомат қилган.
Мазкур хонадонлар холислар иштирокида кўздан кечирилганда, пойтахтнинг турли ҳудудларида “закладка” усулида тарқатиш учун тайёрланган гиёҳвандлик воситалари топилган. Текширувлар натижасида ушбу шахслардан гашиш, мефедрон ва альфа-PVP туридаги гиёҳвандлик воситалари аниқланган бўлиб, уларнинг умумий оғирлиги 1 килограмм 945 граммни ташкил этган.
Шунингдек, интернет орқали наркотик савдоси билан шуғулланувчи гуруҳ томонидан мазкур фуқароларга кейинчалик қайта қадоқлаб тарқатиш учун яширилган яна 460 грамм мефедрон ва альфа-PVP ҳам ашёвий далил сифатида олинган. Маълум бўлишича, ушбу шахслар гиёҳвандлик воситаларини пойтахт ҳудудида “закладка” усули орқали тарқатиш билан шуғулланган.
Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан уларга нисбатан Жиноят кодексининг 273-моддаси (гиёҳвандлик воситаларини, психотроп моддаларни ёки уларнинг аналогларини ўтказиш мақсадини кўзлаб қонунга хилоф равишда тайёрлаш, қайта ишлаш, олиш, сақлаш ва бошқа ҳаракатлар қилиш, шунингдек уларни қонунга хилоф равишда ўтказиш) билан жиноят иши қўзғатилган бўлиб, гумонланувчиларга нисбатан қамоқ эҳтиёт чораси қўлланилган ҳамда тергов ҳаракатлари давом этмоқда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Тошкент шаҳри ва вилоятида ўтказилган тезкор тадбирлар давомида мефедрон ҳамда гашиш савдоси билан шуғулланган бир неча оғуфурушлар қўлга олинган эди.
Live
All