Тошкентда нарколаборатория ташкил этган профилактика инспектори ушланди (видео)

3-саҳифа

image

Тошкентда профилактика инспектори хизмат хонадонида нарколаборатория ташкил этгани аниқланди. Бу ҳақда Давлат хавфсизлик хизмати хабар берди

Қайд этилишича, Давлат хавфсизлик хизмати ва бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар ходимлари ҳамкорлигида гиёҳвандлик воситаларининг ноқонуний айланмасига қарши курашиш доирасида Тошкент шаҳрида тезкор-қидирув тадбири ўтказилган. Хусусан, олдиндан кузатувга олинган, Тошкент шаҳар Олмазор тумани ИИО ФМБ профилактика инспекторининг хизмат хонадони кўздан кечирилган.

Натижада инспектор ушбу хонадонда нарколаборатория ташкил этгани аниқланиб, ўрами билан жами 10 кг 500 гр “Алфа-ПВП” ва 4 гр “Спайс” синтетик наркотиклари ҳамда гиёҳванд моддаларни тайёрлашда фойдаланиладиган 588 гр суюқлик, асбоб-ускуналар, электрон тарози борлиги маълум бўлган ва ашёвий далил сифатида олинган.

Шунингдек, тезкор тадбир давом эттирилиб, профилактика инспекторнинг Тошкент вилояти Тошкент туманидаги доимий яшаш хонадони текширилганида ерга кўмиб, яшириб қўйилган тахминий оғирлиги 430 гр бўлган “Алфа-ПВП” наркотик моддаси борлиги аниқланган.

Маълум бўлишича, ички ишлар ходими Telegram мессенжери орқали синтетик гиёҳвандлик воситалари савдоси билан шуғулланувчи профиль эгаси топшириғи асосида наркокурерлар томонидан контрабанда йўли билан Ўзбекистонга олиб келинган моддаларни қабул қилиб олиб, яширин лаборатория шароитида гиёҳванд моддани тайёрлаб, тарқатиш билан шуғулланган.

Ҳозирда унга нисбатан Жиноят кодексининг 28 (Жиноят иштирокчиларининг турлари), 246-моддаси (Контрабанда) 2-қисми ҳамда 25 (Жиноятга тайёргарлик кўриш ва жиноят содир этишга суиқасд қилиш),273-моддаси (Гиёҳвандлик воситалари, уларнинг аналоглари ёки психотроп моддаларни ўтказиш мақсадини кўзлаб қонунга хилоф равишда тайёрлаш, олиш, сақлаш ва бошқа ҳаракатлар қилиш, шунингдек уларни қонунга хилоф равишда ўтказиш)5-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Шунингдек, Давлат хавфсизлик хизматининг Тошкент вилояти бўйича бошқармаси ходимлари томонидан Ангрен шаҳар Ички ишлар бошқармаси билан ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбирда эса наркотик моддаларни “закладка” тарзида тарқатиб, сотиш билан шуғулланиб келаётган Ангрен шаҳрида яшовчи, 2000 йилда туғилган шахс ўзининг 2001 йилда туғилган жиноий шеригидан 971 гр “Катинон” синтетик гиёҳвандлик воситасини қабул қилиб олган вақтида уларнинг ноқонуний ҳаракатларига чек қўйилган.

Муқаддам гиёҳвандлик воситалари савдоси билан боғлиқ жинояти учун судланган мазкур 25 ёшли шахс қабул қилиб олган ажал оғусини келгусида кичик бўлакларга тақсимлаган ҳолда сотиб, мўмай даромад топишни режалаштирган.

Ҳозирда уларга нисбатан Жиноят кодексининг 25,273-моддаси 5-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Таъкидлаш лозимки, қонунчиликка мувофиқ ҳар икки ҳолат бўйича ҳам гумондорларга нисбатан 10 йилдан ортиқ муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланиши мумкин.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Андижонда “Деадпоол” номли йирик наркодўкон аъзолари ушланганди.


Мақола муаллифи

Теглар

Тошкент

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг