Андижонда “Deadpool” номли йирик наркодўкон аъзолари ушланди (видео)
3-саҳифа
−
11 Октябрь 2025 8344 2 дақиқа
Жорий йилнинг август-сентябрь ойларида божхона органлари томонидан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи бошқа органлар билан ҳамкорликда ўтказилган кўп босқичли тезкор тадбирлар натижасида 2017 йилдан буён Ўзбекистонда фаолият юритиб келаётган, 4000 нафар фаол обуначиси бўлган “Deadpool” номли Марказий Осиёдаги йирик Telegram наркодўконининг йирик тарқатувчилари қўлга олинди. Бу ҳақда Давлат божхона қўмитаси хабар берди.
Қайд этилишича, жорий йилнинг 31 август куни Андижон вилояти божхона бошқармаси тезкор ходимлари томонидан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи бошқа органлар ходимлари билан ҳамкорликда Андижон вилоятининг Хўжаобод туманидаги қирғиз-ўзбек давлат чегарасида тезкор тадбир ўтказилган. Унда Қирғизистондан Ўзбекистон ҳудудига Deadpool наркодўкон куратори Уоррен Баффетт топшириғи асосида Қирғизистондаги наркодўкон ишчиси омбор мудири томонидан улоқтирилган икки бўлакда кўк рангли “скотч”ларга ўралган 602 грамм альфа-ПВП синтетик гиёҳвандлик воситасини Ўзбекистон Республикаси фуқароси қабул қилиб олаётганида қўлга олинган. Суруштирув давомида ушбу шахс 2023 йилдан буён наркодўкон ишчиси экани, йилига ўртача 20 килограмм ёки 100 000 доза, сўнгги уч йилда жами 50 килограмм ёки 250 000 доза синтетик наркотиклар тарқатганини маълум қилган.
Бундан ташқари, жорий йилнинг 10 сентябрь куни Тошкент вилояти божхона бошқармаси тезкор ходимлари томонидан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи бошқа орган ходимлари билан ҳамкорликда Тошкент вилоятининг Зангиота туманида назорат остида етказиб бериш тезкор-қидирув тадбири ўтказилган. Тадбирда 2 нафар фуқаро Deadpool наркодўкон куратори Уоррен Баффетт топшириғига асосан Россиядаги наркодўкон ишчиси омбор мудири томонидан бериб юборилган, муқаддам Тошкент вилоятида жойлашган Навоий чегара божхона постида аниқланган аккумулятор ичига хуфиёна яширилган 20 дона қора изолентага ўралган 492,2 грамм клефедрон синтетик гиёҳвандлик воситасини қабул қилиб олаётганларида қўлга олинган. Суриштирув жараёнида ушбу икки нафар шахс олти ойдан буён наркодўкон ишчиси экани, ҳар бири ойига ўртача 0,5 килограмм ёки 2500 доза, олти ойда эса 2,5 килограмм ёки 12 500 доза синтетик наркотиклар тарқатганликларини маълум қилган.
Юқорида кўрсатиб ўтилган йирик тарқатувчи шахсларнинг ҳар бирида камида 10 нафардан ортиқ “закладчик”лари, яъни майда тарқатувчилари бўлиб, улар томонидан тарқатиш ва кўмиш нуқталари сифатида Тошкент шаҳрининг Яшнобод, Мирзо Улуғбек, Бектемир ва Тошкент вилоятининг Чирчиқ ва Юқори Чирчиқ туманларидаги истироҳат боғлари ва таълим муассасалари атрофлари танлаб олинган. Ҳозирда ҳолат юзасидан божхона органлари томонидан жиноят иши қўзғатилди.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Фарғона вилоятида хонадонида умумий қиймати 412 млн сўмлик кучли таъсир қилувчи дори воситаларини сақлаган, шунингдек, Тошкент шаҳрида машинасида 967 гр бўлган “гашиш” олиб кетаётган фуқаро ушланганди.
Live
Барчаси