Тошкентда мижозининг сочини калга олиб ташлаган сартарош узр сўраб чиқди (видео)
3-саҳифа
−
19 Апрель
13439Ижтимоий тармоқларда сартарош мижозининг сочини жаҳл устида калга олиб ташлагани акс этган видеолар тарқалди. Тасвирларда йигит соч ва соқолини қандай олишни нотўғри тушунтиргани учун сартарошнинг жаҳли чиққанини ва калга олиш орқали ундан қасд олганини кўриш мумкин. Шунингдек, айёр сартарош бунга жазм этишидан олдин мижозидан нима иш қилишини ҳам сўраб олган. Йигит бобосининг қўлида ишлашини айтган.
“Кимни чақирасан энди, бувингни чақирасанми?” деган сартарош. Йигит шунда ҳам ундан узр сўраган ва адашганини айтган.
Сартарош эса қилган ишига қуйидагича изоҳ берди:
“Хизмат вақтимда менга нотаниш бўлган фуқаро соч олдириш учун келди. Сочингни олайми, соқолингними, деб 3-4 марта сўрадим. У сочимни олинг, соқолимни олинг, деди. Жаҳл устида қизишиб кетиб калга олиб ташладим. Унинг ўзидан, ота-онаси, ака-укалари, яқинларидан узр сўрайман. Ҳолат бўйича ҳар қандай жазога розиман. Қилган ишимдан пушаймонман. Ўзбекистон халқидан узр сўрайман”, деган у.
Вилоят ИИББга кўра, ҳолат 2022 йилнинг октябрь ойида содир бўлган. Видео ижтимоий тармоқларга тарқалгунига қадар ёки ўтган давр мобайнида ИИОга мурожаат келиб тушмаган. Ҳолат юзасидан белгиланган тартибда қонуний чора кўрилиб, натижаси бўйича жамоатчиликка ахборот берилиши айтилган.
“Тошкент туманида яшовчи сартарошнинг хатти-ҳаракатлари Тошкент вилояти ИИББ назоратида туман ички ишлар органлари ходимлари томонидан ўрганилган ва қонуний чора кўрилиши таъминланмоқда”, дейилади хабарда
Эслатиб ўтамиз, 2023 йилда дурадгорнинг бошига тош билан урган харидор қамалган эди.