Коронавирус сабаб Ўзбекистонда тақиқлар қўйилиши керакми?
Жамият
−
31 Январь 2020
10581Аввалроқ, Камбожа, Гонгконг, Макао, Тайвань, Таиланд, Япония, Жанубий Корея, АҚШ, Вьетнам, Сингапур, Непал, Франция, Германия, Австралия, Малайзия ва БААда коронавирус билан касалланиш ҳолатлари қайд қилингани ҳақида хабар берган эдик.
Ижтимоий тармоқларда мазкур ҳолат юзасидан Ўзбекистонда ҳеч қандай тақиқлар қўйилмаётгани юзасидан муҳокамалар авж олмоқда. Эпидемия тарқалишининг олдини олиш учун Қозоғистон, Қирғизистон, Россия, Мўғулистон ва Малайзия Хитой билан чегарасини ёпди. Яна қатор давлатлар Хитой фуқароларига нисбатан виза чекловларини жорий этди. Ўзбекистон бундай вазиятда қандай йўл тутади? Ўзбекистон ҳам чегараларни ёпиши керакми? Соғлиқни сақлаш вазири Алишер Шадманов мазкур саволга жавоб берди:
– Мазкур коронавирусга қарши кураш доирасида биз нафақат Хитойдан келувчилар, балки барча йўналишлардан давлатимиз ҳудудига кириб келувчи йўловчиларни қатъий назоратдан ўтказаяпмиз. Чегара пунктлари тепловизорлар билан жиҳозланган, вирус ташиши мумкин бўлган маҳсулотлар жиддий текширувдан ўтказилади. Айнан вирус тарқалгани қайд этилган ҳудудлардан ташриф буюрувчилар ва касалликнинг ҳар қандай белгиси кузатилган фуқаролар алоҳида назоратга олинади. Юқумли касалликлар шифохоналарида ҳудудга кўра алоҳида ўринларни шай ҳолда тайёрлаб қўйганмиз, зарур дори-дармон захиралари яратилган.
Энди чегарани ёпиш масаласига келсак, бу чорани қўллаш вазирлигимиз ваколатида эмас. Аммо бу борада ўз фикримни айтадиган бўлсам, айни пайтда, яъни 30 январь ҳолатида мамлакатимиз ҳудудида бундай касалликка чалиниш ҳолати бирорта ҳам кузатилмаганлигига қарамасдан эҳтиёт чораларини кўришимиз лозим. Шахсан ўзим юртимиз фуқароларининг Хитойга боришини чеклаш билан бир қаторда, хитойликлар ва бошқа хорижий давлатлар фуқароларининг ушбу мамлакатдан юртимизга кириб келишини вақтинчалик чеклаш тарафдориман. Чунки, ушбу вируснинг ҳаво-томчи йўли билан ўтиши, одамдан одамга юқиши, бундан ташқари, касаллик белгиларининг яширин даври 14 кун давом этиши касаллик тарқалиш хавфини кескин оширади.
Қолаверса, ҳатто тиббиёти ривожланган АҚШ, қатор Европа давлатлари, Осиёнинг тараққий этган мамлакатларида ҳам бу касаллик кузатилаётганлиги вазиятнинг нақадар жиддийлигини кўрсатиб турибди, деган Алишер Шадманов.
Маълумот учун, пневмонияни келтириб чиқарадиган коронавируснинг 2019-nCоV янги тури 2019 йил декабр ойида Хитойнинг Хубеи провинциясида, Ухань шаҳрида вужуга келди. Ҳозирги вақтда ХХРда янги коронавирус билан касалланганлар сони 7700 кишидан ошди, улардан 170 нафари вафот этди.