Тошкентда кўчага чиқинди ташлаганларга 1 кун ичида 11 млн сўм жарима солинди
3-саҳифа
−
14 Март
1533Тошкент шаҳрида бир куннинг ўзида чиқинди ташлаш билан боғлиқ 16 та ҳуқуқбузарлик аниқланди. Бу ҳақда Тошкент шаҳар Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши бошқармаси хабар берди.
Қайд этилишича, бошқарма томонидан белгиланмаган жойларга чиқинди ташлашга қарши навбатдаги рейд тадбирлари ўтказилган. Хусусан, 12 март куни ўтказилган рейд давомида пойтахт ҳудудида бир куннинг ўзида чиқинди ташлаш билан боғлиқ 16 та ҳуқуқбузарлик аниқланган.
Ҳуқуқбузарларга Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 91-1-моддаси 1-қисми билан маъмурий баённома расмийлаштирилган ва жами 11 миллион 375 минг сўм жарима қўлланилган.
Маълумот учун, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 91-1-моддаси 1-қисмига кўра, белгиланмаган жойларга қаттиқ маиший чиқиндиларни ва қурилиш чиқиндиларини ташлаш, шунингдек, суюқ маиший чиқиндиларни тўкиш фуқароларга базавий ҳисоблаш миқдорининг 1 бараваридан 3 бараваригача (375 000 — 1 125 000 сўм), мансабдор шахсларга эса 10 бараваридан 20 бараваригача (3 750 000 — 7 500 000 сўм) миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.
Худди шундай ҳуқуқбузарлик маъмурий жазо чораси қўлланилганидан кейин бир йил давомида такрор содир этилса, фуқароларга базавий ҳисоблаш миқдорининг 5 бараваридан 10 бараваригача (1 875 000 — 3 500 000 сўм), мансабдор шахсларга эса 20 бараваридан 30 бараваригача (7 500 000 — 11 250 000 сўм) миқдорда жарима солинади.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Тошкентда белгиланмаган жойларга чиқинди ташлаётган қоидабузарларга қарши кенг кўламли рейдлар ўтказилаётгани ҳақида хабар берилганди.
LiveБарчаси