Лифтда қурилиш материалларини ташиш тақиқланади

Local

−

image

Эндиликда Ўзбекистонда йўловчи лифтларида қурилиш материаллари ва чиқиндиларини ташиш тақиқланади, лифтлар дастлабки техник кўрик натижаси ижобий бўлган тақдирда, икки иш куни ичида рўйхатдан ўтказилади. Бу ҳақда Вазирлар Маҳкамасининг жорий йил 22 октябрь куни қабул қилинган “Лифтдан фойдаланиш ва унга техник хизмат кўрсатиш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида”ги 588-сони қарорда келтирилган.

Янги тартибга кўра, лифтларни рўйхатдан ўтказиш, техник хизмат кўрсатиш шартномаларини тузиш ва бекор қилиш, шунингдек, хизмат натижаларини киритиш ҳамда сақлаш “Хавфсиз лифт” ягона идоралараро электрон платформаси орқали амалга оширилади.

Лифтлар ваколатли орган томонидан бепул рўйхатга олинади. Дастлабки техник кўрик натижаси ижобий бўлган тақдирда, лифт икки иш куни ичида рўйхатдан ўтказилади ва буюртма берувчига QR-кодли маълумотнома юборилади.

Лифт кабинасининг кўринарли жойида унинг идентификация рақами ва рўйхатдан ўтказилгани ҳақидаги QR-кодли маълумот жойлаштирилиши шарт. Шунингдек, бино бошқарувчиси ва техник хизмат кўрсатувчи ташкилотнинг номи, манзили ҳамда боғланиш маълумотлари кўрсатилиши лозим.

Йўловчи лифтида қурилиш материаллари ва чиқиндиларини ташиш тақиқланади

Низомга мувофиқ, лифтнинг юк кўтариш қобилиятидан қатъи назар, унда қурилиш материаллари ва қурилиш чиқиндиларини ташишга йўл қўйилмайди. Бундан ташқари, лифт ўлчамларига мос келмайдиган буюм ва жиҳозлар, портловчи, тез алангаланадиган, радиоактив ҳамда заҳарлилик даражаси ўта юқори бўлган моддаларни ташиш ҳам тақиқланади.

Электрон платформа орқали сотиб олинмаган ва ўрнатилмаган лифтлар ҳамда эҳтиёт қисмлардан фойдаланишга ҳам рухсат берилмайди.

Ўрнатувчи муомалага чиқарган ҳар бир лифт учун шу санадан бошлаб камида уч йиллик кафолат берилиши белгиланган. Кафолат даврида таъмирлаш ва қисмларни алмаштириш муддати 15 кундан ошмаслиги керак.

“Қизил” ёрлиқли лифтдан фойдаланиш тақиқланади

“Қизил” рангли маълумот ёрлиғи билан белгиланган лифтдан фойдаланиш тақиқланган даврда унга техник хизмат кўрсатилмайди. Бу давр учун хизмат кўрсатувчи ташкилот бино бошқарувчисидан ҳар ойлик техник хизмат ҳақини талаб қила олмайди.

Шунингдек, техник хизмат кўрсатувчи ташкилотлар реестрига кириш онлайн хабар бериш орқали бепул амалга оширилади.


Rate Count

0

Rating

3

Rate this article

Share with your friends