Тошкентда коронавирус тарқалиши нега тезлашяпти? ССВ изоҳ берди
Жамият
−
14 Март 2021
45780Аввал хабар берганимиздек, Тошкент шаҳрида икки кундирки коронавирусга чалинганлар сони 70 нафардан кам бўлмаяпти. 10 март куни ҳам Тошкентнинг ўзида 71 кишида вирус аниқланган.
Сўнгги кунларда коронавирус тарқалиши яна “жонланиб” бораётганининг асосий сабабларини билиш мақсадида Соғлиқни сақлаш вазирлиги Матбуот котиби Фурқат Санаев билан боғландик.
Унга кўра, икки кунлик кескин ўсиш ваҳимага сабаб бўладиган ҳолат эмас. Аммо бу одамлар карантин қоидаларига риоя қилмай қўйганидан далолат беради.
“Коронавирус мамлакатимиздан бутунлай кетгани йўқ. Манбаси сақланиб қоляпти. Икки кунлик кўрсаткичдан фожиа ясамаслик керак. Шу билан бир қаторда, биз сўнгги вақтларда “мана, биз коронавирусдан қутулдик”, деб бамайлихотирликка берилдик.
Шунинг учун, ССВ бир йил аввал айтганидек, ниқоб тақиб, масофани сақлаб юришимиз керак. Асосий сабаб шу – ўзимизнинг бамайлихотирлигимиз”, дейди Санаев.
Вазирлик вакилига кўра, Ўзбекистонда коронавирус чўққига чиққан вақтда COVID-19 беморларини даволаш учун 159 та даволаш муассаси бўлган. Ҳозир улардан 7 таси қолдирилган. Қолганлари ўзининг асосий фаолиятига қайтган ва маълум бир қисми эҳтиёт чораси сифатида консервация қилиб қўйилган.