Тошкентда қалбаки рақам савдогари 62 млн сўм жаримага тортилди (видео)

3-саҳифа

−

image

Тошкент шаҳрида вояга етмаган шахслар қалбаки давлат рақамлари ва махсус маёқчали автомобиллар билан юргани аниқланди. Ушбу ишга алоқадор шахслардан бири 61,8 млн сўм жаримага тортилди. Бу ҳақда Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси хабар берди.

 

Қайд этилишича, дастлаб пойтахтнинг Юнусобод тумани Марказ-6 мавзесида ЙПХ ходимлари Malibu-2 русумли автомашинани ҳужжатларни текшириш мақсадида тўхтатган. Текширув давомида автомобилни 17 ёшли ўсмир бошқараётгани аниқланган.

Автомобиль холислар иштирокида кўздан кечирилганда, унга ноқонуний равишда махсус антенна, сирена ва милтилловчи маёқчалар ўрнатилгани, олд ойнаси қорайтирилгани маълум бўлган. Шунингдек, автомашина юкхонасидан давлат рақами белгиси топилган.

Ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 227-1-моддаси (автомототранспорт воситаларининг ва улар тиркамаларининг (ярим тиркамаларининг) давлат рақам белгиларини ёки идентификация рақамларини қонунга хилоф равишда тайёрлаш, ўтказиш ёки улардан фойдаланиш, шунингдек уларни қалбакилаштириш) жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари бошланган. Тергов давомида мазкур шахслар бундан аввал ҳам шунга ўхшаш қонунбузарликларга йўл қўйгани аниқланган.

Жумладан, Мирзо Улуғбек туманида Kia русумли автомашина вояга етмаган шахс томонидан бошқарилаётгани сабабли тўхтатилган. Текширувда ушбу автомобиль ҳам рация, милтилловчи маёқча, сирена, қорайтирилган ойналар ва бошқа ноқонуний мосламалар билан жиҳозлангани маълум бўлган. Ундан номаълум давлат рақамлари ҳам топилган.

Терговда аниқланишича, ушбу рақамлар қалбаки бўлиб, улар Қирғизистон фуқароси Эргашев томонидан тайёрланган. Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар билан ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбир давомида у Андижон вилоятида ашёвий далиллар билан қўлга олинган.

Маълум бўлишича, шахслар автомобиль рақамларини чет элдан буюртма асосида олиб келиш ва сотиш билан шуғулланган

Жиноят ишлари бўйича Юнусобод туман суди ҳукми билан вояга етмаган Ғофуров Жиноят кодексининг 227-1-моддаси (автомототранспорт воситаларининг ва улар тиркамаларининг (ярим тиркамаларининг) давлат рақам белгиларини ёки идентификация рақамларини қонунга хилоф равишда тайёрлаш, ўтказиш ёки улардан фойдаланиш, шунингдек уларни қалбакилаштириш) 3-қисми “а” ва “б” бандларида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбли деб топилиб, унга 15 БҲМ (6 млн 180 минг сўм) миқдорида жарима жазоси тайинланган.

Шунингдек, Жиноят кодексининг 57-моддаси (Енгилроқ жазо тайинлаш) қўлланилган. Эргашев эса Жиноят кодексининг 127-моддаси (Вояга етмаган шахсни жиноят содир этишга жалб қилиш) 3-қисми ҳамда 227-1-моддаси (Автомототранспорт воситаларининг ва улар тиркамаларининг (ярим тиркамаларининг) давлат рақам белгиларини ёки идентификация рақамларини қонунга хилоф равишда тайёрлаш, ўтказиш ёки улардан фойдаланиш, шунингдек уларни қалбакилаштириш) 3-қисми “а” ва “б” бандларидаги жиноятларни содир этганликда айбли деб топилиб, 150 БҲМ (61 млн 800 минг сўм) жаримага ҳукм қилинган. Ғофуровнинг яшаш ва ўқиш жойидан жамоат тарбиячиси тайинлаш масаласи тегишли комиссия зиммасига юклатилган. Эргашевни Ўзбекистондан чиқариб юбориш масаласи унга тайинланган жарима жазоси ижро этилганидан кейин ҳал қилиниши белгиланган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Сурхондарё вилоятининг Термиз туманида 2010 йилда туғилган мактаб ўқувчиси онасининг Cobalt машинаси билан йўл-транспорт ҳодисасига учрагани ҳақида хабар берилган эди.


Мақола муаллифи

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг