Тошкентда ижара уйлари нархи яна кўтарилади
Жамият
−
30 Август
7185Сентябрь яқинлашмоқда. Талабалар Тошкентга қайтади. Хўш, энди ижара нархларида қандай ўзгариш бўлиши кутилмоқда? Ижара уйлари нархи кескин ошиб кетмайдими? QALAMPIR.UZ мазкур саволлар билан уй савдогарларига юзланди.
30 йилдан бери риелторлик билан шуғулланиб келувчи Маҳмуда Абророванинг айтишича, пойтахтдаги уйларнинг ижара нархи сентябрь келмасиданоқ ошишни бошлаган. Бунга асосий сабаб эса электр энергияси бўйича жорий қилинган 200 кВт/соатлик ижтимоий нормадир.
“Ижара нархлари ҳар йили шу вақтда ошади. Бу йил солиқлар қимматлашди ва уй эгалари ижара нархини оширди. Шу сабабли ота-оналар ўз фарзандларини вазиятга мослаб жўнатишлари керак”, деди у.
Унинг аниқлик киритишича, айни пайтда пойтахтда 1 хонали шароити йўқ хонадонлар нархи 3 млн – 3 млн 600 минг сўм (250-300 доллар). Агар мебеллари ва керакли техникалари бор бўлса, нарх 4,5 – 5 млн га (350-400 доллар) кўтарилади. 2-3 хонали уйлар нархи эса 6 млн – 7 млн сўмни (500-600 доллар) ташкил қилади.
Бу нарх талабалар учун қимматлик қилмайдими? Мухбиримиз ҳали сентябрь келмасидан ижара уйи излаш учун Тошкентдаги уй бозорига келган талабаларга микрофон тутди.
“Бу нархлар биз учун анча қиммат. Ўзи нархлар кўтарилмасидан уй топиш учун олдинроқ келгандик. Барибир нархлар баланд. Ҳозир шунча бўлса, эртага яна ошиб кетса керак. Талабабоп уйлардан сира тополмаяпмиз. Камига уй эгалари коммунал тўловларни ҳам талабаларнинг бўйнига илмоқда. Бу яна қўшимча харажат дегани. Ўзи стипендиямиз 500 минг сўм”, деди у.
Ижара уйи излаб юрган бошқа бир йигитнинг айтишича, уйларнинг ижараси баландлигига яраша уларнинг шароити талабга жавоб бермайди.
“Бериладиган нархга нисбатан сифатлари жуда паст. Агар шу уйни оилага берса, шароитларини анча тўғрилаб беради. Лекин талаба ёки йигитлар уй олмоқчи бўлса, ундай эмас. Масалан, мен ҳамма шароити бор уй учун 500-600 доллар бўлса ҳам беришга тайёрман. Аммо шу пулга арзийдиган уй тополмаяпман. Аслида эса мен бермоқчи бўлган пул бозор нархидан анча баланд”, деди ижара уйи излаётганлардан бири.
Узоқ йиллик тажрибага эга риелторларнинг маълум қилишича, ижара нархларининг ошишига бир қанча сабаблар бор. Аввало, сентябрь ойи келиши билан уй эгалари сунъий равишда ижара тўловларини оширишни бошлайди. Ижара уйларига талаб ортаётганидан фойдаланиб қоладиганлар эса талайгина.
“Уй эгалари сентябрь ойи талабалар қайтади дейишади-да, сунъий равишда нархларни кўтариб олади. Лекин талабага сира ҳам уйини бермайди. Ёки оилага берамиз дейишади-да, боласи бўлмасин деб шарт қўяди”, деди бошқа бир уй савдогари.
“Мен ўзим шахсан гувоҳ бўлдим – устозларнинг ўзлари келишди. Уч-тўртта арзон квартираларни ижарага олишар экан. Ўз талабаларини ўзлари ижарага қўйишади ва фойда кўришади”, деди яна бир риелтор.
Ўзбекистон ҳукумати талабаларнинг ижара муаммосини ҳал қилиш учун бир қанча енгилликларни амалиётга татбиқ этган. Яъни талаба ўзи ижарага турадиган хонадон эгаси билан ижара шартномасини тузадиган бўлса, тўловнинг 300 минг сўмгача бўлган қисми давлат томонидан қопланади ва бунда хонадон эгаларидан солиқ ундирилмайди.
Аммо тажрибали риелторлар ва талабаларнинг айтишича, ижара шартномаларини тузишда ҳам муаммолар йўқ эмас. Бунда айрим уй эгалари талабалардан ижара шартномаси учун ҳам алоҳида пул олади.
Шу сабабли улар ҳукуматнинг талабаларнинг ижара муаммосини ҳал қилишда талабалар тураржойларини кўпайтиришдан бошқа чораси йўқлигини айтмоқда. Чунки ижара уйларининг нархи муттасил равишда ўсиб бораверади ва талабалар учун ҳам шароитлар ёмонлашиши мумкин.
“Фарзандларимиз қўлларида сумкалари, кўрпа-тўшаклари билан уй бозорига кириб келишади – имкони йўқ. Баъзилари шу ерда сумкасини қўйиб, қаерга боришини ҳам билолмай туради. Уларга яхши талабалар тураржойлари қуриб беришсин. Бундай сарсон бўлмасин. Шуни илтимос қилиб сўрайман”, деди Маҳмуда Абророва.
Ҳулкар Муртазоева