Тошкентда илк “спорт” бекати пайдо бўлди

Жамият

image

Тошкент шаҳрининг Сергели туманидаги автомобиль бозори яқинида жойлашган ва 12 та автобус йўналиши ўтадиган бекатда воркаут майдончаси ташкил этилди. Бу ҳақда Тошкент шаҳрида Йўл ҳаракатини ташкил этиш маркази хабар берди.

Маълум қилинишича, бекат майдони қисқа муддатли жисмоний машғулотлар учун мўлжалланган спорт анжомлари билан тўлдирилган.

“Бундай ёндашув шаҳар инфратузилмаси нафақат ҳаракатланиш, балки аҳолининг қулайлиги, саломатлиги ва кундалик фаровонлиги учун ҳам яратилаётганини акс эттиради. Энди йўловчилар автобус кутиш вақтидан енгил машқлар, тортилиш ёки оддий жисмоний ҳаракатлар учун фойдаланишлари мумкин”, дейилади марказ ахборотида.

Қайд этилишича, бундай ечимлар бошқа шаҳарларда ҳам учрайди. Хусусан, Сеул, Пекин, Сингапур, Париж, Богота ва Калида автобус павилёнлари турниклар, зинапоялар ва бошқа спорт анжомлари билан жиҳозланган кичик фаоллик ҳудудларига айлантирилган.

ЙҲТЕМга кўра, бундай объектлар аниқ манзилларда – аввало аҳоли зич жойлашган ҳудудларда, серқатнов йўналишлар тармоғига эга бекатларда ҳамда кутиш ва фаоллик ҳудудларини хавфсиз ажратиш учун етарли жой мавжуд бўлган ерларда ўрнатилади. Спорт майдончаларини ташкил этишнинг асосий шартлари сифатида хавфсизлик, йўловчилар учун қулайлик, мустаҳкам конструксиялар, мунтазам техник хизмат кўрсатиш ҳамда жамоат транспорти ва пиёдалар ҳаракатига халақит қилмаслик келтирилган.

Таъкидланишича, жамоат транспортига устуворлик бериш пойтахт ҳокимлигининг асосий вазифаси бўлиб, бу иш нафақат янги йўналишлар ва йўлакларни, балки бир қатор қўшимча чора-тадбирларни ҳам ўз ичига олади.

“Биз таклифларга очиқмиз ҳамда бу каби воркаут-бекатлар ҳақиқатан ҳам фойдали ва зарур бўладиган янги манзилларни, шунингдек, уларнинг жиҳозланиш турларини кўриб чиқишга тайёрмиз”, дейилади хабарда.

Шунингдек, жамоатчиликдан агар йўловчи оқими фаол бўлган ва бундай майдончани хавфсиз жойлаштириш учун етарли жойга эга манзилларни билса, таклифларини @codd_tashkent_bot Telegram-ботига юбориши мумкинлиги айтилган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Тошкентда автобус бекатларидаги дўконлар олиб ташланган эди.


Мақола муаллифи

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг