Тошкентда гўдакнинг қўли кесилгани юзасидан ССВга депутатлик сўрови юборилди
3-саҳифа
−
21 Январь
3899Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги “Адолат” СДП фракцияси депутати сўнгги кунларда ижтимoий тармоқларда тарқалиб, аҳоли орасида турли муҳокамаларга сабаб бўлаётган ҳолат – Тошкент шаҳрида иситма билан мурожаат қилган 2 ойлик чақалоққа нотўғри муолажа қўлланилиши оқибатида қўлида гангрена ривожланиб, кесиб ташлангани юзасидан Соғлиқни сақлаш вазирлигига депутатлик сўрови юборилди. Бу ҳақда партия матбуот хизмати хабар берди.
Маълум бўлишича, юқоридаги ҳолат Тошкент шаҳрида жойлашган 1-сонли шаҳар клиник шифохонасида рўй берган. Бундан ташқари, яқинда ижтимоий тармоқларда шунга ўхшаш вазият, яъни Фарғона вилоятида чап оёғи кесилиши керак бўлган беморнинг ўнг оёғи кесиб ташлангани юзасидан ҳам хабарлар тарқалган.
Ушбу ҳолатлар юзасидан Олий мажлис қонунчилик палатаси депутати, “Адолат” СДП фракцияси аъзоси Мавлуда Адҳамжонова қуйидаги саволлар билан Соғлиқни сақлаш вазири Асилбек Худоёровга сўров юборган:
- Ўзбекистон Республикаси ҳудудида аҳолига тиббий хизмат кўрсатиш ҳолати, нотўғри тиббий муолажа оқибатида инсон саломатлигига зарар етказилишининг олдини олиш бўйича қандай тизимли ишлар амалга оширилмоқда?
- Вазирлик томонидан барча тиббий муассасаларда фуқаролар соғлиғини сақлаш тўғрисидаги қонунчиликка риоя этиши устидан назоратини амалга оширилиши ҳолати қай даражада? Нима сабабдан, инсон ҳаёти ва соғлиғига хавф туғдириш даражасидаги ҳолатларга йўл қўйилмоқда?
- Даволаш-профилактика муассасаларида инфекцияларнинг тарқалишини олдини олиш ва санитария қоидаларига риоя этиш қай даражада амалга оширилмоқда?
- Мазкур ҳолат бўйича айбдорларни аниқлаш ва келажакда бу каби ҳолатларни қайтарилмаслиги юзасидан қандай қўшимча чора-тадбирлар амалга оширилмокда?
“Юқоридагилардан келиб чиқиб, “Парламент назорати тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 15-моддасига мувофиқ, сиздан келтирилган саволлар юзасидан асосли тушунтириш беришингизни ҳамда ўз нуқтаи назарингизни баён этишингизни сўрайман”, дейилади ҳужжатда.
Партияга кўра, агар тиббий хизмат кўрсатиш жараёнида шу каби хатоликлар тез-тез кузатилиб, инсон ҳаёти ва саломатлигига жиддий зарар етказилаётган бўлса, бу тизимдаги назоратнинг заифлиги ва масъул шахсларнинг ўз вазифаларига бефарқлигидан далолат беради. Бундай вазиятларда масъул шахсларни аниқлаш, уларни жавобгарликка тортиш ва келажакда бундай ўта аянчли ҳолатларнинг олдини олиш бўйича қатъий чоралар кўриш зарур.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Соғлиқни сақлаш вазирлиги ушбу ҳолатга муносабат билдирганди. Унга кўра, даволаниш вақтида қизалоқда “Чап томонлама елка артерияси тромбоэмболияси, чап қўл ва чап қўл панжасида қон айланишининг 3-а даражали ўткир бузилиши, полиорган етишмовчилиги” кузатилган.
Шу боис бемор ҳаётини сақлаб қолиш мақсадида ампутация ўтказишга қарор қилинган ва ота-онасининг розилиги билан унда жарроҳлик аралашуви амалга оширилган. Билдирилишича, ҳозирда чақалоқнинг аҳволи стабил ҳолатда.
LiveБарчаси