Умурзоқов Тошкентнинг энг ёмон ҳокимими?
Интервью
−
17 Март 7946 3 дақиқа
Сўнгги пайтларда Тошкентдаги автобус бекатларида тадбиркорлар томонидан юритилаётган дўконларнинг бузилиши жамоатчилик эътиборини тортмоқда. 12 март куни Тошкент шаҳар ҳокимлигида ўтказилган матбуот анжуманида ушбу масала бўйича изоҳ берилди. Расмийлар маълумотига кўра, бекатлар ҳудудидаги айрим савдо объектлари ҳукуматнинг янги қарорлари асосида олиб ташланмоқда.
“Қайси жой бузилган бўлса, суд қарори билан бузилган. Тўппа-тўғри, тадбиркор куйиб қолиши керак эмас. Ҳозирда туман ҳокимиятларига топшириқ берилган: ҳар бир туманда туризм кўчалари ташкил қилиняпти. Ўша дўконли бекатларнинг эгаларига туризм кўчаларидан жой беришади”, дейди ЙҲТМ бўлим бошлиғи Оллоёр Норбўтаев.
Бироқ, масаланинг ҳуқуқий жиҳатларига назар ташланганда, айрим саволлар пайдо бўлади. Хусусан, Вазирлар Маҳкамасининг 2024 йил 14 ноябрдаги 757-сонли “Ҳудудларда жамоат транспорти инфратузилмасини ривожлантиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорида янги қурилаётган ёки реконструкция қилинаётган бекатлар ҳудудида савдо ва маиший хизмат кўрсатиш объектларини жойлаштириш тақиқланиши белгиланган. Шу билан бирга, мазкур қарорнинг бошқа бандларида бекатлар жойлашган ҳудудлардаги ер участкаларини тадбиркорлик субъектларига электрон онлайн аукцион орқали узоқ муддатли ижара асосида бериш мумкинлиги ҳам қайд этилган. Бу жараёнда Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 3 августдаги 485-сонли қарори асос қилиб олингани кўрсатилади.
Шунингдек, қарорда тегишли идораларга савдо ёки хизмат кўрсатиш объектлари мавжуд бўлган бекатларда йўловчилар, жумладан ногиронлиги бўлган шахслар учун хавфсиз ва қулай шароит яратиш чораларини кўриш вазифаси ҳам юклатилган. Бу эса айрим мутахассислар фикрича, бекатлардаги савдо нуқталарини оммавий равишда бузиш эмас, балки уларни замонавий талабларга мослаштириш имкониятларини ҳам кўриб чиқиш кераклигини англатади.
Яна бир муҳим ҳужжат – 2018 йил 6 мартдаги Президент қарорида автомобиль транспорти соҳасини модернизация қилиш, йўловчилар хавфсизлигини таъминлаш ҳамда замонавий ахборот-коммуникация технологияларини кенг жорий этиш вазифалари белгиланган.
Орадан қарийб саккиз йил ўтган бўлса-да, пойтахтдаги кўплаб бекатларда автобусларнинг келиш вақтини кўрсатадиган электрон таблолар, бепул Wi-Fi ёки видеокузатув тизимлари ҳали ҳам кенг жорий этилгани йўқ.
Айни пайтда бекатлар атрофида фаолият юритаётган кўплаб кичик савдо нуқталари тадбиркорлар учун даромад манбаи ҳисобланади. Улар ўз бизнеси орқали нафақат оиласини боқаётгани, балки йўловчиларга ҳам маълум даражада хизмат кўрсатаётганини таъкидламоқда.
Шу боис жамоатчилик орасида бир савол пайдо бўлмоқда: агар мақсад бекатларни замонавийлаштириш бўлса, нега жараён энг аввало савдо нуқталарини бузишдан бошланмоқда? Ахир пойтахтдаги кўплаб бекатлар ҳануз эски кўринишда қоляпти – ёзда жазирама иссиқдан, қишда эса совуқдан етарли даражада ҳимоя қила олмайдиган оддий павильонлар ҳолатида.
Бугунги кунда бу масала ижтимоий тармоқларда ҳам фаол муҳокама қилиняпти. Айримлар бекатларда савдо объектлари бўлмаслиги кераклигини айтса, бошқалар кичик тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш ва мавжуд инфратузилмани замонавийлаштириш зарурлигини таъкидламоқда. Мазкур масала бўйича якуний хулоса чиқариш учун эса, эҳтимол, барча томонларнинг манфаатларини ҳисобга олган ҳолда аниқ ва изчил ёндашув зарур бўлса керак.
Воқеа тафсилотлари билан батафсил танишиш учун QALAMPIR.UZ’нинг YouTube’даги саҳифаси орқали ушбу видеони томоша қилинг.
Live
Барчаси