Тошкентда долзарб 30 кунлик тадбирларга старт берилди
Жамият
−
03 Март 5138 2 дақиқа
Тошкент шаҳрида хавфсиз муҳитни шакллантириш ҳамда жамоат хавфсизлигини самарали таъминлаш бўйича намунавий амалиётни яратиш чора-тадбирлари юзасидан пойтахт ҳудудидаги 32 та қизил маҳаллаларда жамоат хавфсизлигини таъминлаш, жиноятчиликка қарши курашиш, ҳуқуқбузарликлар ва жиноятчиликни барвақт олдини олишга қаратилган долзарб 30 кунликка старт берилди. Бу ҳақда Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси хабар берди.
Қайд этилишича, давлат раҳбарининг жорий йил 27 январда ўтказган видеоселектор йиғилишида берилган топшириғи асосида пойтахт ҳудудидаги 32 та қизил маҳаллаларда жамоат хавфсизлигини таъминлаш, жиноятчиликка қарши курашиш, ҳуқуқбузарликлар ва жиноятчиликни барвақт олдини олишга қаратилган долзарб 30 кунлик тадбирлар бўлиб ўтади.
Мазкур маҳаллаларда хавфсиз муҳитни яратиш ва ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш учун жами 2772 та видео кузатув камераларини ўрнатиш режалаштирилган.
Маҳаллаларнинг аҳоли гавжум жойлари ва кўчалари, асосий кириш-чиқиш жойларига 1074 та ҳамда 577 та кўп қаватли уйларнинг 1698 кириш йўлакларига видео кузатув камераларни ўрнатиш бўйича Ички ишлар вазирлиги хавфсиз шаҳар тизимларини ривожлантириш маркази билан ҳамкорликда ишлар режалаштирилган.
Қўриқловга олиш йўналишида мавжуд қизил тоифадаги 32 та маҳаллаларни рақамлаштириш ва жиноятдан ҳоли қилиш мақсадида тадбир бошидан 38 970 та объектлар қўриқловга олиниши режалаштирилган. Бундан ташқари, 1389 та савдо-маиший кўрсатиш объектлари техник қўриқловга олиниши режа қилинган.
Шаҳар бўйлаб 590 та кўп қаватли уй олди йўлакларига жами 1140 та “ташвиш” тугмаларини ўрнатиш вазифаси қўйилган. 28 575 та хонадон мобил илова орқали қўриқловга олиниши режалаштирилган.
8694 та ерли хонадон техник қўриқловга олиниши кўзда тутилган. Фуқаролар билан ишлаш йўналишида 16 ёшдан ошган 105 918 нафар аҳоли “Менинг инспекторим” мобил иловасига аъзо қилиниши режа қилинган.
Мактабларда хавфсизликни таъминлаш йўналишида 12 та мактаб атрофида жами 131 та камералар ўрнатиш режалаштирилган. 8 та мактабдаги 83 та синфхоналарга интеллектуал камералар босқичма-босқич ўрнатиш режалаштирилган.
4 та йирик савдо комплексларига шартнома асосида 27 нафар муниципал ходим олиш кўзда тутилган. Пойтахтдаги 19 та бозорларда “Ситуацион марказ” қурилиб, интернет тизимига улашга старт берилган.
Мазкур ойликнинг иккинчи босқичида яна 50 та маҳалла тўлиқ рақамлаштирилиб, жиноят ва ҳуқуқбузарликдан ҳоли ҳудудга айлантирилиши режа қилинмоқда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Тошкент шаҳрида йўл ҳаракати ҳолатини яхшилашга қаратилган “Долзарб 90 кунлик” эълон қилинганди.