Тошкентда йўлкирани автобусга чиқиш пайтида тўлаш мажбурий бўлади

Жамият

image

Тошкент шаҳрида жорий йилнинг 1 сентябридан автобусга чиқиш вақтида йўлкира тўлаш мажбурий бўлади. Бу ҳақда кеча, 3 июнь куни ҳукуматнинг “Шаҳар йўловчи транспорти тизимини янада такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.

Қарорга кўра, ҳайдовчи билан бирга 60 киши ёки ундан ортиқ кишини ташишга мўлжалланган, “Евро-5” ва ундан юқори экологик тоифа талабларига мос келадиган М3 тоифадаги (III синфга мансуб бўлмаган) янги транспорт воситаларини (автобус/электробус ёки троллейбуслар) 2027 йил 31 декабрга қадар Ўзбекистон Республикасига импорт қилишда утилизация йиғимининг ноль ставкаси қўлланилади.

Шунингдек, брутто-шартнома асосида ташкил этилган мунтазам шаҳар автобус йўналишларида тушумлар тўлиқлигини таъминлаш мақсадида, жорий йилнинг 1 сентябридан бошлаб қуйидаги тартиб жорий этилади;

  • йўловчи томонидан йўлкира ҳақи автоматлаштирилган тўлов тизими терминаллари (валидаторлар) билан жиҳозланган автобусга чиқиш вақтида қуйидаги усуллар орқали амалга оширилади:
  • транспорт картасини валидаторга теккизган ҳолда уни валидация қилиш;
  • банк картаси, смартфон ва бошқа контактсиз электрон тўлов турларидан фойдаланиш (NFC, QR, Biometric, BLE, UWB ва бошқа жорий этилаётган технологиялар ёрдамида тўлаш);
  • ижтимоий/транспорт картасини валидаторга теккизган ҳолда имтиёзли ёки бепул юриш ҳуқуқини тасдиқлаш.

Йўлкира ҳақи мазкур бандда назарда тутилган усуллар орқали автобусга чиқиш вақтида тўланмаганда (тасдиқланмаганда), йўловчи автобусда чиптасиз юрган деб ҳисобланади.

Мазкур қарор билан Ўзбекистон Республикаси ҳукуматининг айрим қарорларига ўзгартиришлар ва қўшимча киритилади. Хусусан, шаҳар четидан 5 километргача ёки белгиланган тартибда тасдиқланган шаҳарларнинг транспорт ва йўл-транспорт инфратузилмасини ривожлантириш бош режаларига мувофиқ кўпи билан 12 километргача четга чиқувчи йўналишлар ҳам эндиликда шаҳар автобус йўналишлари ҳисобланади. 

Бундан ташқари, Транспорт вазирлиги тегишли вазирлик ва идоралар билан ҳамкорликда жорий йилнинг 1 сентябрига қадар пойтахт жамоат транспорти ва шаҳар атрофи темир йўл қатновларида йўлкира ҳақини тўлашнинг интеграциялашган тизимини, шу жумладан, “электропоезд-автобус” ва “электропоезд-метро” жозибадор тариф режаларини жорий қилади.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистонда тез орада автобусларда йўл ҳақини тўламаган йўловчиларни сунъий интеллект орқали аниқлаш тизими йўлга қўйилиши мумкиндиги ҳақида хабар берилган эди.


Мақола муаллифи

Теглар

Тошкент автобус йўлкира

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг