Тошкентда Африкадан почта орқали юборилган кокаинни олаётган шахс ушланди
3-саҳифа
−
16 июл 2557 2 дақиқа
Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида ўтказилган тезкор тадбирлар давомида Африкадан курьерлик жўнатмаси орқали юборилган 728 грамм кокаин ҳамда Бўстонлиқ туманида парваришланаётган 17,6 минг туп кўкнори ва 9 туп каннабис ўсимлиги аниқланди. Бу ҳақда Давлат хавфсизлик хизмати хабар берди.
Маълум қилинишича, тезкор тадбир давомида Сьерра-Леоне давлатидан юборилган курьерлик жўнатмасини Тошкент шаҳри Яккасарой туманидаги хусусий курьерлик почтасидан қабул қилиб олаётган Яшнобод туманида яшовчи, 1983 йилда туғилган, муқаддам судланган шахс ушланган.
Текширув давомида автоэҳтиёт қисмлари ичига 728 грамм кокаин яширилгани аниқланиб, модда тегишли тартибда расмийлаштириб олинган.
Шунингдек, гумонланувчининг яшаш хонадонидан zip пакетларга қадоқланган кукунсимон моддалар ҳамда таркибида наркотик моддалар бўлган ширинликлар ашёвий далил сифатида олинган.
Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 246-моддаси (контрабанда) 2-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Бундан ташқари, Давлат хавфсизлик хизмати ва Ички ишлар органлари ходимлари ҳамкорлигида Тошкент вилоятининг Бўстонлиқ туманида ўтказилган тезкор тадбирда ҳам 1971 йилда туғилган фуқаро тақиқланган кўкнори ўсимлигини экиб, парваришлаб келаётгани аниқланган.
Гилавасой қишлоғидаги тоғ ёнбағирларида жойлашган ер майдони кўздан кечирилганда, жами 17 минг 600 туп кўкнори ва 9 туп каннабис ўсимлиги борлиги маълум бўлган.
Шунингдек, ушбу шахснинг яшаш хонадонидан қуритилган кўкнори бошоқлари ҳамда қуритилиб, майдаланган ҳолда сақланаётган кўкнори ҳам топилган.
Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 270-моддаси 2-қисми “в” банди (тақиқланган экинларни етиштириш) ҳамда 25- (жиноятга тайёргарлик кўриш ва жиноят содир этишга суиқасд қилиш), 273-моддаси 6-қисми “а” банди (Гиёҳвандлик воситаларини, психотроп моддаларни ёки уларнинг аналогларини ўтказиш мақсадини кўзлаб қонунга хилоф равишда тайёрлаш, қайта ишлаш, олиш, сақлаш, ташиш ёки жўнатиш, шунингдек уларни қонунга хилоф равишда ўтказиш) билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари давом эттирилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Афғонистондан Ўзбекистон ҳудудига олиб кирилган 25 килограммдан ортиқ гиёҳвандлик воситалари тўхтатиб қолинган эди.
Live
Барчаси