Тошкентда ўқувчисига шилқимлик қилган 61 ёшли ўқитувчи қамалди
3-саҳифа
−
03 Май 10912 1 дақиқа
Тошкент шаҳрининг Мирзо Улуғбек туманида ўқувчисига уйланишини айтиб, шаҳвоний шилқимлик қилган мактаб ўқитувчиси 5 суткага қамалди. QALAMPIR.UZ суд қарори билан танишди.
Суд ҳужжатида қайд этилишича, Мирзо Улуғбек туманидаги 18-сонли умумий ўрта таълим мактабининг 61 ёшли физика фани ўқитувчиси Р.И. 2024 йилнинг 4 ноябрь кунидан бошлаб шу мактабнинг 10-синфида ўқийдиган, вояга етмаган 2008 йилда туғилган С.А.га смайл юбориб, 2025 йил 8 февраль куни тест қоғозига рус тилида “мен сени севаман” дея севги изҳорини ёзган.
Шунингдек, у қизнинг синфдошларидан уни гаплашиб юрадиган йигити борлиги ёки йўқлиги тўғрисида суриштириб, бошқа дарсларда ҳам уни кузатиб, вояга етмаган мактаб ўқувчисига нисбатан номақбул бўлган ва унинг шаъни ва қадр-қимматини таҳқирлайдиган шаҳвоний хусусиятга эга бўлган ҳаракатларни бир неча марта содир қилган.
Кеча, 2 май куни Жиноят ишлари бўйича Мирзо Улуғбек туман судида мазкур иш кўриб чиқилди. Суд Р.И.ни Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 411-моддаси (шаҳвоний шилқимлик қилиш) 1-қисмида назарда тутилган ҳуқуқбузарликни содир этган деб топди ва унга 5 сутка маъмурий қамоқ жазоси тайинланди.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Тошкент шаҳрининг Сергели туманида ўқитувчи ўқувчига шаҳвоний шилқимлик қилгани учун 5 суткага қамалганди.
Live
Барчаси